Жаҳон | 23:26 / 28.03.2021
56461
4 дақиқада ўқилади

«Эвер Гивен»ни беш кундан буён саёзликдан чиқара олишмаяпти. Миср президенти учинчи сценарийни қўллашга қарор қилди

Suez Canal Authority / EPA / Scanpix / LETA

Сувайш каналида қаторасига бешинчи кундирки «Эвер Гивен» кемасини саёзликдан чиқариб олишга уриниш давом этмоқда. Сувайш канали бошқарувчиси Усома Робининг сўзларига кўра, навбат билан икки операция амалга оширилмоқда: аввалига 12 соат давомида экскаваторлар ишлаб, тупроқ қазиш ишларини бажаришмоқда, кейинги 12 соатда кемани судраш учун шатакчи кемалар (буксир) ҳаракат қилишмоқда. Ишнинг бундай тақсимланиши шатакчи кемалар сув кўтарилиши ва тўлқин ортга қайтиши туфайли ҳар доим ҳам ишлай олмаслиги билан боғлиқ. Операцияда жами 13 буксир иштирок этмоқда. Ҳафта бошидан буён ишлаб келган 11та шатакчига якшанба куни яна икки шатакчи келиб қўшилди, шунингдек, бир неча сузувчи экскаваторлар ва соатига 2000 куб метр тупроқ олувчи ер қазувчи снарядлар (землесос) ишламоқда.

27 март куни кечқурун контейнеровозни илк марта бир неча метрга силжитишга эришилди. Бу ҳодиса рўй берганида буксирларнинг кемалари қувончдан бир вақтда сиреналарини чалишди. Қутқарув амалиётининг кейинги босқичи 28 мартдан 29 мартга ўтар кечаси рўй берадиган сув кўтарилиши асосига қурилган, бу вақтда сув 200 минг тоннадан ортиқ оғирликка эга кемани бир неча сантиметрга кўтариши мумкин.

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий контейнеровозни юклардан бўшатиш бўйича кўрсатма берди. Усома Робининг сўзларига кўра, президент «биринчи ва иккинчи сценарийнинг муваффақиятсизлигини кутмасдан учинчи сценарийга тайёрланиш бўйича кўрсатма берган». Ас-Сисий бортдаги 18 мингдан ортиқ контейнерларни қуруқликка олиб ўтиш учун талаб этиладиган махсус техникаларни қўллашга рухсат берган. Бу операция 29 март куни бошланиши кутилмоқда.

Сувайш каналида «Эвер Гивен» ортидан 369 кема тирбандликда туриб қолган. Уларнинг кўп қисми — контейнеровозлар, шунингдек, нефть ва сиқилган газ ташувчи танкерлар. Бу кемаларда жойланган маҳсулотнинг умумий қиймати 10 миллиард доллар атрофида. Сувайш канали бошқармасидагиларнинг сўзларига кўра, Миср «Эвер Гивен» билан боғлиқ вазият туфайли ҳар куни 14 миллион доллар маблағ йўқотмоқда. Бошқарма бошлиғи Усома Робининг қайд этишича, Миср тирбандликда турган кемаларга каналдан ўтиш тўлови учун чегирмалар таклиф қилади.

Қутқарув ишлари қанча вақт давом этиши ҳозирча номаълум. Дастлаб бу иш бир неча кун ичида ҳал бўлиши режалаштирилганди, аммо энди айрим экспертлар кемани юргизиш бир неча ҳафта вақт олиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Reuters агентлигининг қайд этишича, амалиёт чўзилиши ойдинлашиб қолса, каналда турган кемалар Африкани Яхши Умид бурни орқали айланиб ўтишга йўналиши мумкин.

Денгиз кемаларини кузатиш сервисларига қараганда, кўпчилик аллақачон шундай йўл тутмоқда. Аммо Сувайш каналидан Ўрта Ер денгизи орқали Европанинг энг йирик порти Роттердамгача йўл 11 кун вақтни олса, ЖАР қирғоқларини айланиб ўтиш орқали ҳаракатланишга камида 26 кун вақт кетади. Ҳар бир ортиқча кун кемалар эгаларига қимматга тушади - ҳар куни ёнилғи учун бир неча минг доллар сарфланади. Шу билан бирга, Қизил денгизда кутиб туриш ҳам қўшимча харажат дегани - экипажга маош тўлашда давом этилади, шунингдек, юк ўз муддатида етказиб борилмагани учун ҳам пеня тўлашга тўғри келади.

Мавзуга оид