Иқтисодиёт | 21:39 / 31.03.2021
5891
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш жорий йилда 3,7 фоизга тикланишини прогноз қилмоқда

Жорий йилнинг биринчи чораги бўйича Жаҳон банкининг ҳисоботларига кўра, Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2021 йилда 3,7 фоизга ва 2022 йилда 4,1 фоизгача тикланиши прогноз қилинмоқда.

Жаҳон банки «Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича иқтисодий шарҳлар»нинг навбатдаги сонини эълон қилди.

Ҳисоботда айтилишича, бу йил минтақадаги ривожланаётган иқтисодиётларнинг 3,6 фоизга ўсиши кутилмоқда, чунки экспорт тикланиши ва саноат товарларига нархларнинг барқарорлашуви 2020 йил охирида бошланган пандемиянинг навбатдаги тўлқини ва яқинда янги коронавирус ҳолатлари кўпайганлигининг таъсирини юмшатади.

2020 йилда Сovid-19 пандемияси оқибатлари сабабли кузатилган 2 фоизлик иқтисодий пасайиш ортидан 2021 йилда мўътадил ўсиш прогноз қилинмоқда. Минтақадаги энг йирик икки иқтисодиёт ҳисобланган Туркиядаги иқтисодий тикланиш прогноздан кўра кучлироқ бўлганлиги ва Россия иқтисодиётининг барқарорлиги туфайли пасайиш кутилганидан кўра камроқ бўлган.

Ўсиш суръатлари тикланганига қарамасдан, Европа ва Марказий Осиё минтақасида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг тикланиш суръатлари паст бўлиб қолмоқда ва пандемия бошланишидан олдинги даражасига қайтмаган.

Европа ва Марказий Осиё минтақасида ҳукуматларнинг иқтисодиётни шакллантиришдаги анъанавий муҳим ролини ҳисобга олган ҳолда, самарали давлат бошқаруви янада муҳимроқ аҳамиятга эга. Ушбу минтақада давлат харажатлари ЯИМнинг қарийб 40 фоизини ташкил қилади, давлат секторида эса энг ўқимишли ва самарали ишчиларнинг тўртдан биридан кўпроғи ишлайди, бунда барча давлат сектори ишчиларининг 57 фоизини аёллар ташкил этади.

Яқин келажакда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатларда ҳукуматларнинг роли янада ошиши мумкин. Бу асосан кексайиб қолган аҳолига хизмат кўрсатиш учун узоқ муддатли парваришлаш ва соғлиқни сақлаш тизимларини, ҳамда пандемия шароитида ҳукуматнинг тенгсизлик масалаларини ҳал қилиш ва соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган фаолиятига оид чора-тадбирларни кенгайтириш зарурати билан боғлиқ.

Марказий Осиё давлатларидаги иқтисодий вазият

Европа ва Марказий Осиё минтақасининг бошқа қисми билан таққослаганда, Сovid-19 билан касалланганлар сони Марказий Осиё суб-минтақасида нисбатан пастроқ бўлиб қолмоқда. Бироқ, 2021 йилнинг мартида ушбу кўрсаткичлар ўсиши сабабли, баъзи давлатлар ҳукуматлари соғлиқни сақлаш тизимига босимни камайтириш учун турли чекловларни кенгайтиришга мажбур бўлди.

Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2021 йилда 3,7 фоизга ва 2022 йилда 4,1 фоизгача тикланиши кутилмоқда. Бу тарихий ўртача кўрсаткичлардан анча паст. Шу билан бирга, 2022 йилга бориб аҳоли жон бошига даромад ҳажми пандемиядан олдин эълон қилинган прогнозлардан 6,4 фоизга паст бўлиши кутилмоқда.

Пандемиянинг оғир ижтимоий-иқтисодий оқибатларига қарамасдан, 2020 йилда амалга оширилишда давом этган ислоҳотлар дастури туфайли Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш мустаҳкамланиб боради.

Бироқ, суб-минтақанинг кўтарилиши Марказий Осиёда, айниқса Қирғизистонда, сиёсий кескинликлар ва ижтимоий нотинчликлар сабабли кучайиб бораётган сиёсий ноаниқлик оқибатида чекланиб қолмоқда. Инфляцион босимлар суб-минтақадаги айрим мамлакатларда кўпроқ чекловчи пул-кредит сиёсатини келтириб чиқарди, Қирғизистон ва Тожикистон эса асосий фоиз ставкалари оширилди.

Мавзуга оид