18:00 / 04.04.2021
11993

Ёзувчи Ғаффор Ҳотам вафот этди

Таниқли ёзувчи, публицист, турли йилларда «Ёшлик» журнали, «Туркистон» газетасига бош муҳаррир, «Ўзбекистон овози» газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлган Ғаффор Ҳотамов вафот этди.

3 апрель куни таниқли ёзувчи Ғаффор Ҳотамов вафот этди. 4 апрель куни Тошкент шаҳрида марҳумнинг дафн маросими бўлиб ўтди. 

Ғаффор Ҳотамов 1953 йилнинг 25 апрелида Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги Ғужбоғ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. 1974 йилда Тошкент Давлат педагогика институтининг филология факультетини тугатган.

Меҳнат фаолиятини республика болалар газетаси таҳририятида бошлаган. «Тошкент оқшоми», «Ўзбекистон овози» газеталари, «Ёшлик» журнали таҳририятида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида хизмат қилган. Кейинчалик «Ёшлик» журнали ҳамда «Туркистон» газетасининг бош муҳаррири лавозимида ишлайди.

Ғаффор Ҳотамовнинг дастлабки ҳикояси «Тонг ва шом» 1976 йили «Гулистон» журналида, «Хат ташувчи бола» номли илк ҳикоялар тўплами эса 1978 йилда нашр этилган. 1980 йил «Қайтиш», 1985 йил «Қудуқ тепасидаги ой», 1998 йили «Азал ва абад», 1990 йили эса «Тоҳир ва Зуҳранинг кулмаган бахти» қиссалари «Ёшлик» журналида эълон қилинади.

Ғаффор Ҳотамов «Қудуқ тепасидаги ой» қиссаси ва «Эврилиш» бадиаси учун Ўзбекистон ёшлар ташкилотининг мукофотига сазовор бўлган. Унинг асарлари қатор хорижий тилларга таржима қилинган.

Top