Жаҳон | 16:35 / 05.04.2021
4461
2 дақиқада ўқилади

Францияда вазирларнинг қимматбаҳо ресторанларда яширинча тушлик қилишгани бўйича суриштирув ўтказилади

Бунга М6 телеканалининг яширин камера ёрдамида суратга олган «мижозлар ниқоб тақмайдиган ва чеклов чораларига амал қилмайдиган махфий ресторан» ҳақидаги репортажи сабаб бўлди.

Фото: AP

Париж прокуратураси айрим француз вазирлари чеклов чораларига қарамасдан, ҳашаматли тушликларда қатнашгани тўғрисидаги маълумот юзасидан суриштирув олиб бормоқда. Прокурор Реми Эйтсбу бўйича жиноят иши очди, деб хабар берди Евроньюс.

Бунга М6 телеканалининг яширин камера ёрдамида суратга олган «мижозлар ниқоб тақмайдиган ва чеклов чораларига амал қилмайдиган махфий ресторан» ҳақидаги репортажи сабаб бўлди.

Телеканал ўнлаб одамлар ниқоб тақмасдан бемалол юрган бошқа зиёфатларнинг видеолавҳаларини ҳам намойиш этган. 

Мамлакат ички ишлар вазири Жералд Дарманен вазирларнинг зиёфатлардаги иштироки тўғрисидаги маъмурий суриштирувни Париж полицияси бош бўлимига тақдим этди.

 «Ёки бу ёлғон ва биз бунга жавоб қайтаришимиз лозим, ёки бу рост ва зиёфатларда қатнашганлар жавобгарликка тортилиши ҳамда жазоланиши керак», – деди Дарманен.

 Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатга асло тоқат қилиб бўлмайди.

«Полиция ва жандармерия ҳар куни одамлар чеклов чораларига амал қилмагани сабабли ишчи кварталларга бормоқда. Фуқаролар зиёфат ўтказиш ҳуқуқига эга ва бундай ҳуқуқи йўқ тоифаларга бўлинмайди», – деди у.

 Ресторанлардан бирининг эгаси вазирлар қора икра, қимматбаҳо шампан виноси ва бошқа тансиқ таомлар тортилган зиёфатларда қатнашганини тасдиқлаган.

Шу билан бирга, эпидемиологлар мамлакатда коронавируснинг «учинчи тўлқини» бошланганини айтишмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид