Нега 4 миллион гектарга яқин экин ерларимиз бўла туриб, 4 миллион қишлоқ одамлари Россияда қора ишчи бўлиб юрибди? Нега кимдир бир парча яроқсиз ерида халқини тўйғазиб, яна мева-сабзавотни экспорт ҳам қиляпти, биз эса шунча еримиз ва унда ишлашни истайдиган шунча одамимиз бўла туриб, уларни ўзгаларга хизматкор қилиб қўйибмиз?

Нега бошқаларда деҳқоннинг боши узра ҳеч ким турмайди, бизда эса деҳқоннинг устида мингта мансабдор туради.

Сабаби битта: бизда ерлар эгасига том маънода топширилмаган, ернинг «эга»си кўп. Оқибатда чеки йўқ муаммолар ва... ҳақсизлик, қонунбузарлик, муттаҳамлик, деҳқонларни эксплуатация қилиш.

Келинг, булар ҳақида бироз кенгроқ суҳбатлашайлик.

Ривожланишнинг омиллари бор. Айнан шу омиллар юзага чиқса, жамият ривожланади, чиқмаса, ишлар ортга кетади.

Шундай омиллардан бири бу – тадбиркорликка лаёқатли кишилар учун имкон қадар яхшироқ шароит яратиш. Бу билан тадбиркорлар сони кўп бўлишини ва улар ўртасида соғлом рақобат бўлишини таъминлаш. Бу эса барча учун бир хил ўйин қоидаларини жорий қилиш билан бўлади, кимгадир ҳамма нарса мумкин бўлган муҳитда соғлом тадбиркорлик муҳити ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас.

Яна бир омил – мавжуд имкониятлардан фойдаланиш. Яъни ҳар бир мамлакат бошланғич нуқтада ўз шароитидан келиб чиқиб ривожланишга уринади. Юқори технологик иқтисодиёт бу – кейин, маълум даражага етгандан кейин эришиладиган натижа. Аввалида эса ҳар бир мамлакат ўзида боридан фойдаланади ва ривожланишга уринади.

Кимдир ишчи қўллари кўплигидан унумли фойдаланиб ривожланса, кимдир географик жойлашувидан ва ҳоказо. Биз ҳозир ўз имкониятларидан оқилона фойдаланишга уринаётганлар ҳақида гапиряпмиз. Зеро, ўз имкониятларини совураётганлар ҳам топилади.

Ўзбекистон.

Ўзбекистон ҳам шаксиз ўзига яраша имкониятларга эга мамлакат. Минтақадаги энг серҳосил экин ерлар ва бир неча миллион ишдан қочмайдиган ишчи қўллар. Дарвоқе, улар ҳозир ўзга иқтисодиётлар учун арзон ишчи кучи вазифасини ўтаб беришяпти. Айтиш мумкинки, ўзга иқтисодиётларни кўтаришяпти.

Тўғрисини тан олиш вақти келди: мана шу икки нарса – серҳосил ерлар ва меҳнаткаш, салоҳияти рўёбга чиқмаган миллионлаб қишлоқ ёшлари – айнан шу иккиси Ўзбекистоннинг шу тобда асосий захираси бўлиб, буларни бирлаштириш асносида имкониятларни рўёбга чиқариш мамлакатнинг биринчи босқичдаги ривожини таъминлаб беради.