Жаҳон | 11:42 / 09.04.2021
3685
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон бош вазири мамлакатда “эмлаш байрами”ни ўтказишга чақирди 

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди мамлакатда иложи борича кўпроқ одамни коронавирусга қарши эмлаш учун 11 апрелдан 14 апрелгача “эмлаш байрами”ни ўтказишга чақирди.   

“11 апрел Жотиба Пхуле ва 14 апрел Бобосоҳиб Амбадкарнинг таваллуд кунларида “Тика Утсав”ни (эмлаш байрами) ўтказишга чақираман”, деб эълон қилган Моди ўз чиқишида.  

“Эмлаш байрами”да максимал кўп одамни эмлаш учун саъй-ҳаракатларни амалга ошириш лозим. Ёшлар 45 ёшдан катта барча одамлар эмланиши учун ёрдам кўрсатиши керак”, деб таъкидлаб ўтган Ҳиндистон бош вазири. У Ҳиндистонда янги локдаун киритишга ҳожат йўқлигини, бироқ инфекция тарқалиши даражаси юқори бўлган ҳудудларда комендантлик соати киритилиши, ҳимоя зоналарини ташкил этиш ҳамда аҳолидан тест олишни максимал жадаллаштириш кераклигини айтган. 

“Тест ўтказиш жуда муҳим. Ҳозирда белгиларсиз ўтаётган касалланиш ҳолатлари тобора кўпаймоқда. Одамлар ўзларида қандайдир ўпка касали борлигини ҳис қилишмоқда ва кейин бутун оилаларини зарарлашмоқда. Тест ўтказиш ва касалланганлар кимлар билан алоқада бўлганини аниқлаш ҳозирда энг муҳим чоралар ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтган Моди. 

Ҳиндистонда коронавирусга қарши эмлаш дастури 16 январда бошланганди. Эмлаш дастурининг биринчи босқичида 30 млн кишини – 10 млн тиббий ходим ва 20 млн полициячи, ҳарбий, фуқаролик мудофааси ходимларини эмлаш режалаштирилганди. 1 мартдан эмлашнинг иккинчи босқичи бошланган. Унинг давомида 60 ёшдан катталар ҳамда ёндош касалликларга эга 45 ёшдан катталар вакцина олиш имкониятига эга бўлган. 1 апрелдан Ҳиндистонда эмлашнинг учинчи босқичи бошланган, унинг давомида 45 ёш ва ундан катта барча аҳоли эмлана олади. 

Бироқ ҳозирча эмланганлар сони режалаштирилгандан ортда қолмоқда. Ҳиндистон ҳукумати июл охиригача камида 300 млн кишини эмламоқчилигини маълум қилган. Охирги маълумотларга кўра, ҳозирда 90 млн ҳиндистонлик вирусга қарши вакцина олган.     

Аҳоли маҳаллий Covishield ва Covaxin вакциналари билан эмланмоқда. Шунингдек, яна 20га яқин вакцина қўллаш учун тайёрланмоқда.  

Жиотирао Говиндрао Пхуле (1827-1890 йй.) табақалар бўйича фарқланишга қарши ва аёллар ҳуқуқлари учун курашчи ҳисобланади. Бхимрао Рамжи Амбадкар (1891-1956 йй.) эса ижтимоий таҳқирлашга қарши курашган ва Ҳиндистон конституцияси муаллифларидан бири саналади. 

Мавзуга оид