Жаҳон | 23:31 / 22.10.2024
2625
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон авиакомпанияларига бир суткада бомба тўғрисида 50 га яқин ёлғон хабар келиб тушди

Ҳиндистонда самолётлардаги терактларга оид ёлғон маълумотлар 14 октябрдан бошлаб келиб тушмоқда. Айни вақтга қадар бортга бомба қўйилгани тўғрисида 140 та ёлғон хабар берилган.

Фото: Фото: The Economic Times

Ҳиндистон авиакомпаниялари бир сутка ичида ички ҳамда ташқи рейсларга бомба қўйилгани бўйича 50 га яқин ёлғон хабарларни олди. Бу ҳақда авиаташувчиларнинг маълумотларига таяниб, The Economic Times агентлиги хабар берди.

Air India авиакомпанияси томонидан амалга ошириладиган рейсларга сутка давомида бортда портлаш содир бўлиши мумкинлиги тўғрисида 13 та таҳдид келиб тушган. Akasa Air ва Vistara компаниялари эса бу турдаги хабарлардан мос равишда 12 ҳамда 11 та қабул қилган.

Маълумотларга кўра, авиаташувчилар ҳолат бўйича тегишли органларни зудлик билан хабардор қилган ва зарур хавфсизлик чораларини кўрган. Самолётларнинг барчаси қўнишни муваффақиятли амалга оширган, йўловчилардан ҳеч кимга жароҳат етмаган. Аэропортларда портловчи қурилмаларни қидириш бўйича ўтказилган текширувлар давомида самолётлардан ҳеч нарса топилмаган.

Ҳиндистонда авиалайнерлардаги терактларга оид ёлғон маълумотлар 14 октябрдан бошлаб келиб тушмоқда. Айни вақтда қадар самолётлар бортига бомба қўйилгани тўғрисида 140 та ёлғон хабар берилган. Улар ҳам ички, ҳам халқаро йўналишда учадиган ҳаво кемаларига тегишли. Охирги ҳафта давомида бундай хабарлар қатор парвозларнинг бекор қилинишига, шунингдек, учаётган самолётларнинг йўналиши ўзгартирилишига сабаб бўлди. Маҳаллий ҳукумат таҳдид манбаларини қидириш билан шуғулланмоқда.

Ҳиндистон ҳукумати ёлғон маълумот тарқатаётган инсонларни тўхтатиш ва айбдорларни жазолаш мақсадида қатор янги қонунчилик нормаларини ишлаб чиқиш ниятида.

Мавзуга оид