Жамият | 14:10 / 09.04.2021
4759
2 дақиқада ўқилади

Штаб аъзоси эмлашдан кейинги ножўя ҳолатларда кўриладиган чоралар ҳақида маълумот берди 

Эмлашдан сўнг тана ҳарорати кўтарилса шифокорга мурожаат қилиш зарур бўлади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълумот берди. 

Фото: KUN.UZ

Эмлашдан сўнг тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилса кўп суюқлик ичиш тавсия этилади ва оилавий поликлиникадан тиббиёт ходимига мурожаат этиш керак. Бу тоифадаги фуқаролар тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинади.

“Агарда тана ҳарорати давомли равишда 38 даражагача кўтарилиши кузатилса, клиник лаборатор текширувлар ўтказиш талаб этилади ва уни келтириб чиқараётган омилни аниқлаш керак бўлади. Эмлашдан сўнг тана ҳарорати 38 даражадан юқори бўлиб кетса – кўпроқ суюқлик ичиб туриш керак, оилавий поликлиникадаги шифокор билан боғланиш ёки тез тиббий ёрдамни уйга чақириш керак. Бундай ҳолатларда тана ҳароратининг кўтарилишига таъсир этаётган омилни аниқлаш талаб этилади ва шу аниқланган омилни даволаш бўйича тадбирлар олиб борилади”, деди Севара Убайдуллаева. 

Шунингдек, штаб аъзосининг маълум қилишича, агар фуқаро хорижда коронавирусга қарши эмланган бўлса, бу маълумотнома Ўзбекистонда ҳам тан олинади.

“Чет элда вакцина тўлиқ босқичларини олиб, эмланганлик сертификати олинган бўлса бу фуқаролар Ўзбекистонда эмланиши шарт эмас. Бундай ҳолларда, тиббиёт муассасалари ходимларига мазкур сертификат тақдим этилади ва эмланганлар рўйхатига киритилади”, деди штаб аъзоси.

Аввалроқ, Ўзбекистонда эмланганлар орасида 71 нафар кишида ножўя таъсирлар аниқлангани, аммо бирорта ҳолат жиддий эмаслиги айтилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид