Ўзбекистон | 15:43 / 12.04.2021
7286
6 дақиқада ўқилади

«Тегишли инфратузилма яратилмай уйлар қуриб қўйилган». Тўра Боболов «свет» ўчиши, қурилиш бўйича янги талаб ва ҳокимлик мактаби ҳақида

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Kun.uz билан суҳбатда аввал бир нечта туман ҳокимлигига тавсия қилингани, аммо тасдиқланмай қолгани, топшириқлар ва уларнинг ижроси, янги лойиҳалар ва электр энергиясида энди узилишлар бўлмаслиги ҳақида гапирди.

Ҳокимлик жуда катта мактаб

Ҳокимлик жуда катта мактаб. Аввал мен Хусусийлаштириш бошқармасида ишлаганман. Агар қайси объект хусусийлаштирилаётган бўлса, олис, чекка ҳудудда бўлса ҳам, бориб, ўз кўзим билан кўришга ҳаракат қилганман. Ўзим ўша объект қаерда, қайси ҳудудда, қандай ҳолатда эканини тўқсон фоиз билганман. Сўнг палатада ишлаганимда ҳам шундай бўлди. Тадбиркорларнинг турли муаммолари бўлади, бунда ҳам жойига бориб, улар билан суҳбатлашиб келганман.

Сурхондарёни, вилоятдаги ҳамма ҳудудни жуда яхши биламан. Деярли ҳамма жойга борганман. Туманда ишламасдан, вилоят ҳокими бўлиш... Бунда ҳам тажриба бўлиши керак, кўп нарсани билиш лозим. Туманда бевосита ҳоким сифатида ишлаганлар кўп маслаҳатлашиб, аввалги раислар билан, ёшлар билан маслаҳатлашиб ишлаганман. Ҳозир ҳам тушунмасам сўрайман, маслаҳат оламан. Лаганбардорликдан умуман йироқман. Кўчада ҳам ҳар қандай ҳолатда фуқаро машинани таниб, қўл кўтарса тўхтайман ва эшитаман, масаласини ечишга ҳаракат қиламан.

Электр энергияси бўйича

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов

Электр энергияси таъминоти бўйича ишлар амалга ошириляпти. Сурхондарёда ҳозир “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг вилоятда бетон симёғочлар чиқарадиган битта корхонаси бор эди. Ҳозир учта корхона очиляпти. Сурхондарёга ажратилаётган лимит етарлича. Бу ерда муаммо нимада? Тегишли инфратузилма, электр симларини тортмай уйлар қуриб қўйилади, лекин қўлбола қилиб ток тортиб келинади. Бу борада ҳам ҳозир ишлар бошланди.

Энг оғир ҳудудлардан 99тасини “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурига киритганмиз. Шу ҳудудларда иш кетяпти, биринчи бўлиб электр энергияси, сув ва йўл муаммоси ҳал этиляпти. Икки ой мобайнида қарийб 650 километр тош йўл қилинди. Тўғри, электр энергияси баъзан ўчиб турибди, сабаби Сурхондарёнинг қаттиқ шамоли бор. Шундай қишлоқлар бор, ташкил этилганидан бери лойиҳалаштириш ишлари қилинмаган. Бундай узилишлар шамол нуқтайи назаридан ҳам бўлади. Куни кеча ҳам бетон симёғочларни етказиб бериш масаласини муҳокама қилиб, қаттиқ гаплашиб олдик. Бу бўйича ишларни бошлаганмиз. Сурхондарё электр энергияси бўйича энг оғир ҳудуд ҳисобланади.

“Тўполанг” ГЭС бор, бунда иккита ГЭС мавжуд. Биринчиси, “Зарчоб-1” кичик ГЭС ишга тушди, иккинчиси ҳам яқин кунларда ишга тушади. Шундан сўнг, Шўрчи, Денов, Узун, Сариосиё, Олтинсой туманлари электр энергияси билан тўлиқ таъминланади. Энди Сурхондарёда электр таъминоти бўйича муаммо бўлмаслиги керак. Бу ерда фақат битта нарса бор - трансформаторларни капитал таъмирлаб олиш ва қўлбола симёғочларни алмаштириш. Шундан кейин муаммо бўлмайди. Қишгача, ноябр ойигача буни таъминлашга ҳаракат қиламиз. Фақат Сурхондарёнинг шамоли, айниқса жанубий ҳудудларда кузатиладиган қаттиқ шамол туфайли узилишлар бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда биринчи навбатда инфратузилма, лойиҳани қилиш бўйича талаб қўйиляпти. Бундан буён лойиҳасиз қурилиш бўлмайди, ҳаммаси лойиҳа билан бўлади. Талаб шундай.

Топшириқлар ва уларнинг ижроси

Буни таҳлил қилиб бораман. Топшириқ топшириляпти, лекин унинг ижроси ҳам бор. Ҳозир йиғилишлар кескин қисқарган, аммо президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг берилган топшириқларини бажариш масаласида ҳам. Айрим ҳолатларда, масалан, туман ҳокимларидан бир ойлаб сўрамаймиз. Сабаби, у ерда тизимли иш ташкил қилинган. Айрим ҳокимларга қаттиқроқ гапирамиз, шундан ҳам кўриниб туради. Ҳоким ўринбосарларидан ҳам қайси бири кўпроқ муҳокама бўладиган бўлса, бу унинг ўз аравасини тортмаётганини билдиради.

Мен ўринбосарларим билан бир кунда ҳеч бўлмаганда икки маротаба гаплашаман. Телефонда бўлса ҳам гаплашиб, берилган топшириқларнинг ижроси ҳақида сўрайман. Улардан сўрамай қўйса ҳам сал бошқача фикрга бориб қолиши мумкин. Нега вилоят ҳокими ёки раҳбар сўрамаяпти, деб.

Сурхондарёдаги янги лойиҳалар ҳақида

Сурхондарё ҳақиқатда аграр вилоят ҳисобланган. Бироқ, кейинги тўрт йилда йирик саноат корхоналари пайдо бўлди. Президентнинг ўзи катта имконият берди. Менделеев жадвалининг барча элементлари Сурхондарёда бор десак, хато қилмаган бўламиз. Вилоятга ҳоким бўлганимга икки йил бўлди, шу давр ичида тадбиркорлар, ташаббускорларни йирик корхоналар ташкил этишида қўллаб-қувватлаб, амалга ошираётган лойиҳаларимиз бор.

Шеробод туманида қишлоқ хўжалиги бўйича қайта ишлаш лойиҳасини йўлга қўйдик. Сурхондарёда қарийб 16 минг тонна анор маҳсулоти олинади, шунинг бир килограмми ҳам қайта ишланмаган. Қайта ишлаш лойиҳасини йўлга қўйиб, шарбат ишлаб чиқариш ҳам бошланди. Денов туманида куни кеча 7,5 млн долларлик қийматдаги ёғ ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланди. Музработ туманида қамишдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга ошяпти, бу ҳам жуда катта лойиҳа, уч мингга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланади. Жарқўрғон туманида гипсокартон ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Олтинсойда мева-сабзавотни, Ангор туманида терини қайта ишлаш корхоналари иш бошлаш арафасида турибди. Шунингдек, Сурхондарёда уй меҳнатини ҳам йўлга қўйдик.

Аввалроқ, Тўра Боболов Сурхондарё ҳокимлигига келиши, вилоятдаги кадрлар муаммоси, Афғонистон ва Отабек Сатторий иши ҳақида гапирганди.

Тўлиқ видео:

Мавзуга оид