Ўзбекистон | 21:24 / 14.04.2021
12725
2 дақиқада ўқилади

«Хориждан қайтган шифокор-мутахассисларимизга уёқдагидан кам бўлмаган маош берамиз» — бош вазир ўринбосари

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Kun.uz'га берган интервюсида хорижда ишлаётган ўзбекистонлик юқори малакали тиббиёт ходимларини ватанга қайтишга чақирди.

«Улар учун яхши лавозим, уй-жой масаласини ҳам ҳал қилиб берамиз. Энг асосийси, ўша ерда қанча ойлик олиб ишлаб келаётган бўлса, Ўзбекистонга келиб хизмат қилишни истаган мутахассислар учун уёқдагидан кам бўлмаган ойликни берамиз.

Менга шундай топшириқ бўлган ва уларни қайси туман, қайси клиникага жойлаштириш билан Вазирлар Маҳкамасида шахсан ўзим шуғулланиб бораман», – деди Мусаев.

Бош вазир ўринбосарига кўра, хорижда ишлаётган ва ватанга қайтиш истагида бўлган юқори малакали мутахассисларнинг мурожаатлари билан ишлаш учун Вазирлар Маҳкамасида алоҳида ходим ишга олинган.

«Шу ходимнинг электрон манзили ва телефонини Kun.uz сайтида эълон қилсангиз. Улар ўз CV'сини (ўзимизнинг тилда, объективка деймиз) ва ўзи ҳақида эркин тарзда ёзилган қисқача маълумотни юборса, мурожаат қилган ҳар бир одам билан боғланамиз. Мен ўзим имконият топиб, бу мурожаатчиларни йиғиб, улар билан онлайн боғланиб, ҳамма қизиқтираётган саволларига жавоб беришга, улар билан танишишга тайёрман», – таъкидлади Беҳзод Мусаев.

Маълум қилинишича, хориждаги юқори малакали ўзбекистонлик шифокорлар ватанга қайтиш истагида бўлса, muzaffarov.d@gov.uz почтаси ёки +99871-239-31-20 телефон рақамига мурожаат қилиши мумкин.

Бош вазир ўринбосари билан суҳбатнинг тўлиқ шакли тез кунда Kun.uz'да эълон қилинади.

Мавзуга оид