Ўзбекистон | 09:47 / 15.04.2021
13630
5 дақиқада ўқилади

Марказий банк очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларини эълон қилди

Марказий банкнинг “Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қоидалар “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ва “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ очиқ валюта позициялари лимитлари, уларни ҳисоблаш, банклар томонидан очиқ валюта позициялари лимитларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатларини белгилайди.

Қуйидагилар очиқ валюта позицияси ўзгаришига таъсир қилувчи операциялар жумласига киради:

  • чет эл валютасини, шу жумладан нақд кўринишидаги чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича икки банк иш кунидан ошмаган муддатда амалга ошириладиган операциялар ҳамда икки банк иш кунидан ошган муддатда амалга ошириладиган операциялар;
  • даромадларни чет эл валютасида ҳисоблаш ва олиш;
  • харажатларни чет эл валютасида ҳисоблаш ва тўлаш;
  • ҳисоб-китобларни амалга ошириш усули ва шаклидан қатъи назар чет эл валютасидаги ҳосилавий (дереватив) воситалар (фючерс, форвард, своп, опционлар ва бошқалар) билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш натижасида чет эл валютасида юзага келувчи талаб ва мажбуриятлар;
  • чет эл валютасида амалга ошириладиган бошқа операциялар (чет эл валютасида харид қилинган активлар, ўз акцияларини чет эл валютасида сотиш ҳамда валюта қимматликлари билан боғлиқ бошқа битимлар, ушбу битимлар шартларига мувофиқ у ёки бу кўринишда чет эл валютаси айирбошланиши (конверсияси) кўзда тутилган бўлса).

Очиқ валюта позицияси ҳисоб-китоби ҳар бир чет эл валютаси учун ҳар бир операция куни якуни бўйича ҳисобот санасидаги Марказий банк томонидан ўрнатилган чет эл валютаси курсининг миллий валютадаги эквивалентида амалга оширилади.

Очиқ валюта позициясини ҳисоблашда банкнинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари миқдори унинг чет эл валютасидаги талаблари миқдори билан таққосланади. Бунда, қисқа валюта позицияси “-” белгиси билан, узун валюта позицияси “+” белгиси билан кўрсатилади.

Очиқ валюта позицияси жами асл миқдори барча қисқа ва узун валюта позициялари жами миқдорларини алоҳида ҳисоблашда ҳамда барча очиқ валюта позицияларини ҳисоблашда аниқланади.

Миллий валютадаги баланслаштирувчи позиция ҳисоб-китоби учун жами узун валюта позицияларининг миллий валютадаги асл қиймати ва жами қисқа валюта позицияларининг миллий валютадаги асл қиймати ўртасидаги фарқ олинади. Жами узун позиция йиғиндиси (шу жумладан, миллий валютадаги баланслаштирувчи позиция, агар у узун позиция бўлса) ва жами қисқа позиция йиғиндиси (шу жумладан, миллий валютадаги баланслаштирувчи позиция, агар у қисқа позиция бўлса) ўзаро тенг бўлиши лозим.

Очиқ валюта позицияси ҳисоб-китобида банкнинг чет эл валютасидаги талаб ва мажбуриятлари миқдори “Валюталар савдоси ва валюта позициялари” ҳамда “Кўзда тутилмаган ҳолатлар” ҳисобварақларидаги қолдиқ асосида аниқланади. Ушбу ҳисобварақларда валюта олди-сотдиси ва бошқа валюта қимматликлари билан боғлиқ операцияларга оид битимларда, шу жумладан битим шартларига кўра, у ёки бу шаклда чет эл валютасини айирбошлаш (конверсия) назарда тутилган операциялардаги миқдор ҳисоби юритилади.

Очиқ валюта позицияси чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотишга доир битимлар имзоланган санада, шунингдек чет эл валютасидаги фоиз даромадлари (харажатлар) ҳисоблаб ёзилган ва бошқа даромадлар (харажатлар) ҳисобвараққа киритилган (ҳисобдан чиқарилган) санада юзага келади.

Банкларнинг валюта таваккалчилигини чеклаш мақсадида Марказий банк бошқаруви қарори билан банклар учун очиқ валюта позициясининг қуйидагилар бўйича лимитлари белгиланади:

  • ҳар бир турдаги чет эл валютаси;
  • очиқ валюта позициялари жами миқдори;
  • қисқа валюта позициялари жами миқдори;
  • узун валюта позициялари жами миқдори.

Белгиланган лимитлардан ошган очиқ валюта позицияларининг кейинги операция кунига ўтказилишига йўл қўйилмайди. Очиқ валюта позициялари белгиланган лимитлардан ошган тақдирда, банк томонидан очиқ валюта позицияларини ўрнатилган лимитларгача қисқартириш мақсадида операция куни якунига қадар тегишли баланслаштирувчи операцияларни амалга ошириши лозим (шу жумладан, чет эл валютасини сотиш ёки харид қилиш).

Мавзуга оид