Иқтисодиёт | 19:18 / 18.10.2024
3151
4 дақиқада ўқилади

“Бюджет дефицити каби фундаментал хатарлар муҳимроқ” — Беҳзод Ҳамроев инфляция ҳақида

Марказий банк 31 октябр куни пул-кредит сиёсатининг уч йиллик асосий йўналишларини эълон қилади. 5 фоизлик инфляцион таргетнинг янги муддати ўрнатилиши керак. МБ бошқаруви аъзоси Беҳзод Ҳамроевнинг айтишича, ёқилғи ёки гўшт нархларининг ошиши вақтинчалик омиллар бўлиб, инфляция шаклланишида бюджет дефицити ёки имтиёзли кредитлаш каби фундаментал омиллар муҳимроқ ўринга эга.

Беҳзод Ҳамроев / Архив фото

Марказий банк асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича 2024 йил 24 октябрга белгиланган бошқарув йиғилишини 31 октябрга кўчирди. Регулятор буни иқтисодий истиқболлар бўйича янгиланган прогнозлар ва 2024 йил III чораги бўйича мамлакатнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари октябр ойининг иккинчи ярмида эълон қилиниши, ишлаб чиқилаётган макроиқтисодий таҳлил ва прогнозларга ушбу янгиланган кўрсаткичлар асос бўлиши билан изоҳлади.

Аммо иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бунинг асосий сабаби инфляция бўлиши мумкин.

“Иситиш мавсуми арафасида кутилмалар ёмонлашмоқда, хавотирлар кучайган. Газ бўйича илк оширилган тарифларни аҳоли айнан энди ҳис қила бошлайди (майдан сентябргача бу ҳис қилингани йўқ). Шонли энергетикларнинг антиислоҳотлари натижасида нархи тинимсиз қимматлаётган ёқилғи учун шохобчаларда навбатлар ва тақчилликнинг илк белгилари кўрина бошлади. Илк куз ёмғири таъминотдаги узилишлар бу йил ҳам давом этишини кўрсатди.

Хуллас, якуний қарор учун инфляция динамикасини кузатишга яна вақт керак”, – деб ёзди у.

18 октябр куни “Ўзбекистонда Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги” доирасида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев журналистлар билан суҳбатлашди. Унинг Kun.uz мухбири саволига жавобан айтишича, навбатдаги йиғилишда монетар сиёсатнинг олдиндаги асосий йўналишлари ва 5 фоизлик инфляцияга эришиш бўйича таргет муддати эълон қилиниши керак.

“Бир ҳафтадан кейин кўрамиз, ҳамма ҳисоб-китобларимизни тугатайлик. Бу сафарги йиғилишда монетар гайд – асосий йўналишларимизни эълон қилишимиз ва асосий таргетга қачон етишимизни кўрсатишимиз керак. Ўтган сафар ҳам журналистлар нега асосий таргетга етиш вақтини аниқ айтмаяпсизлар, деб сўрашди. Чунки йилда бир марта кўриб чиқилади. Асосий йўналишда ишлаяпмиз, 31 октябрда аниқ бўлади”, – деди у.

МБ бошқаруви аъзосининг фикрича, гўшт ёки ёқилғи нархларининг ошиши у ёки бу сегментда кузатиладиган вақтинчалик хатарлар бўлиб, бозорда таклиф кўпайиши билан, муаммо ҳал бўлади. Бюджет дефицити, имтиёзли кредитлаш кўлами каби фундаментал хатарлар булардан муҳимроқ.

“Айтайлик, таклиф томонидан бирор узилишлар, масалан, гўшт билан бўлган ҳолат шу йил июл ойидан бошланган бўлса, гўштнинг улгуржи нархлари ошиши бизда август ойида кўринди. Сизлар бир неча бор муҳокама қилгансизлар, ёқилғи нархлари, пропан-метан нархларини – булар вақтинчалик. Қачондир таклиф томонидан масаласи ечилади. Битта бозорда камайиб қолса, бошқа бозордан кириб келади ёки тўхтайди. Муҳими – фундаментал хатарлар. Бюджет дефицити бу йил 4 фоиз, кейинги йил 3 фоиз ёки ундан пастроқ ушлаб турилиши каби факторлар асосийси ҳисобланади. Ёки имтиёзли кредитларнинг камайиши, бозор шартларидаги кредитлашга ўтилиши… Фундаментал факторлар ечилиши муҳим. Вақтинчаликлар доим бўлади, биттаси чиқади, ечилади, эртага бошқаси чиқади”, – дейди регулятор расмийси.

Кеча, 17 октябр куни президент ҳузурида макроиқтисодий кўрсаткичлар ва келгуси йилги бюджет мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 2025 йилги инфляция 7 фоиздан ошмаслиги, 2026 йилда 5-6 фоиз даражасида сақланиши, бу кўрсаткич 2027 йилдан бошлаб 5 фоизга туширилиши айтилди.

Марказий банкнинг 2023 йил октябр ойида тасдиқланган асосий сценарийсига кўра, 5 фоизлик инфляция таргетига 2025 йилнинг 2-ярмида эрилиши кўзда тутилган эди. Муқобил сценарийда эса бу муддат 2026 йил охиригача кечикиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Мавзуга оид