Ўзбекистон | 08:03 / 15.04.2021
4612
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда IREX филиали қайтадан очилади. У 15 йил аввал ёпилганди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 12 апрел куни бош ташкилоти АҚШда жойлашган Халқаро тадқиқотлар ва алмашувлар кенгашининг (IREX) Ўзбекистондаги филиали давлат рўйхатидан ўтказилди.

Филиалнинг асосий мақсад ва вазифалари Ўзбекистонда фаровон ва тенг ҳуқуқли жамият қурилишига ҳисса қўшиш, ёшлар имкониятларини кенгайтириш ва бўлажак раҳбарларни тарбиялаш, сифатли таълим ҳамда ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш, Ўзбекистонга инглиз тили соҳибларини жалб қилган ҳолда, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда талабаларнинг инглиз тилини интенсив равишда ўрганишини таъминлашга кўмаклашишдан иборат.

Филиал ўз мақсад ва вазифаларини Халқ таълими, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширади.

Маълумот учун, IREX Ўзбекистонда 2006 йилда суд қарори билан ёпилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш