Жаҳон | 21:20 / 22.04.2021
43902
2 дақиқада ўқилади

Путин Зеленскийнинг учрашиш тўғрисидаги таклифига жавоб қайтарди

Аввалроқ Зеленский Путинга Донбасснинг исталган ерида учрашишни таклиф қилганди. 

Россия президенти Владимир Путин Украина президенти Владимир Зеленскийни Москвада қабул қилишга тайёрлигини айтди. У Зеленскийнинг Донбассда учрашиш тўғрисидаги таклифига ана шундай жавоб қайтарди.

«Бу учрашувда нималарни муҳокама қиламиз? Агар бу Донбасс билан боғлиқ бўлса, у ҳолда Украина ҳукумати «ДХР» ва «ЛХР» раҳбарияти билан учрашиши, сўнгра бу муаммоларни учинчи мамлакатлар, жумладан, Россия билан муҳокама қилиши керак. Агар гап икки томонлама муносабатлар тўғрисида бўлса, у ҳолда марҳамат, биз Украина президентини Москвада унга қулай бўлган исталган вақтда қабул қилишга тайёрмиз», – деди Путин Александр Лукашенко билан учрашув чоғида.

Аввалроқ Зеленский Путинга Донбасснинг исталган ерида учрашишни таклиф қилганди.

«Нимани тушунишим керак? Мен шундоқ ҳам барчасини яхши тушунаман, ҳар ой у ерда бўламан. Мен бундан ҳам узоқроққа бориб, сиз билан Украинанинг уруш бораётган Донбассидаги исталган жойда учрашишни таклиф қиламан», – деган Зеленский видеомурожаатида.

Бундан ташқари, Киевдагилар Владимир Зеленский Владимир Путин билан гаплашмоқчи бўлгани, аммо бунга иккинчи томондан розилик бўлмагани ҳақида айтишган, Москвадагилар эса бу масалада ҳеч қандай сўров келиб тушмаганини билдирганди.

Мавзуга оид