Жаҳон | 07:31 / 23.04.2021
21272
3 дақиқада ўқилади

Ичида ҳатто дарахтзор ҳам бор: Сеулда янги очилган йирик универмагга саёҳат

Жанубий Корея пойтахтида иш бошлаган янги йирик савдо маркази кенглиги ва ноодатий қурилиш концепцияси билан кўпчиликни ҳайрон қолдирмоқда. Uzbek.Life мухбири Феруза Авазова Сеулдан тайёрлаган репортажида шу ҳақда сўз юритади.

Янги The Hyundai Seoul универмагининг майдони – 89 минг квадрат метр. Бу тахминан 13 та футбол майдонига тенг дегани.

Hyundai компаниясининг маълум қилишича, мажмуанинг қарийб 49 фоизи тижорат учун дўконларга эмас, балки мижозларга дам олиш зоналарини яратиш учун ажратилган.

Яшил дарахтзор ғояси

Янги йирик савдо мажмуаси табиат билан ҳамоҳанг бўлиб қолган ҳолда ташриф буюрувчиларга экзотик сайр ҳиссини тақдим этади. Гумбазли ойнали катта шифт, табиий ўсимликлар ва дарахтлар, универмаг марказида ўрнатилган 12 метрли шаршара – буларнинг бари катта савдо марказида пиёда айланиб, чарчайдиган мижозларнинг ҳордиқ чиқариши учун.

The Hyundai Seoul универмагига бориш учун яна бир асосий сабаб – Sounds Forest дам олиш зонаси. Бинонинг 5-қаватини эгаллаган бу зонани ички ботаника боғига қиёслаш мумкин.

Маълумотларга қараганда, Hyundai компанияси мана шундай эко-оламли майдонни яратиш учун дўконлар сонини қисқартириб, 200 миллиард вон қийматидаги йиллик соф даромадидан воз кечган.

Ижтимоий масофа

Hyundai компанияси пандемияни инобатга олиб, бинонинг қурилиш лойиҳасига бошқача ёндашди. Мижозлар қулайлиги ва эркин ҳаракатланиши учун универмаг йўлаклари 8 метр кенгликда қад ростлаган. Бу эса бизга таниш одатий гавжумликдан йироқда, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда савдо қилишга имкон беради.

Дунё брендлари

Савдо маркази жаҳоннинг энг олди, кўзга кўринган брендлари дўконларини қамраб олган. Бу ерда 600дан ортиқ маҳаллий ва хорижий компанияларнинг маҳсулотларини учратиш мумкин. Ҳатто Microsoft ва болажонларнинг севимли ўйинчоқлар компанияси Lego ҳам бу ерда янги филиалини ишга туширди.

Робот-йўлбошчилар

Hyundai Seoul савдо мажмуасининг яна бир ажойиб янгилиги – унда ёрдамчи роботларнинг мижозларга тўғри йўналишни кўрсатиб туришга хизмат қилишидир. Яъни ҳайбатли иморат ичида адашиб қолган мижоз ўзига керакли манзилни универмаг ходимларининг ёрдамисиз осонгина топиб олади.

Феруза Авазова,
Сеул, Жанубий Корея

Мавзуга оид