Ўзбекистон | 12:42 / 25.04.2021
6609
4 дақиқада ўқилади

«Фин дўстларимизни қуруқ гап билан қолдирмаслигимиз керак» - Финландиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули билан суҳбат

Ўзбекистон президенти томонидан мамлакатда таълим-тарбия тизимини ривожлантиришда илғор хорижий тажрибаларни, хусусан, Финландия таълим тизимини ўрганиш ва жорий этиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Финландиянинг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Финландиядаги етакчи экспертлар, олимлар ва инвесторлар билан музокаралар олиб борилди ҳамда бир қатор лойиҳалар бошлаб юборилди.

Мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 8-14 апрель кунлари Финландиянинг таълим соҳаси бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйган бир қатор компания раҳбарлари ва вакилларидан иборат делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.

Делегацияга Финландиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраев ҳамроҳлик қилди. Kun.uz мухбири фурсатдан фойдаланиб, Алишер Жўраевни суҳбатга тортди ва бир неча саволларга жавоб олди.

— Алишер ака, сиз Финландия давлатининг Ўзбекистондаги консули экансиз. Илк бор эшитган одамда «бир давлатнинг фуқароси бошқа давлат номидан ўз давлатига дипломатик хизмат кўрсатиши мумкинми?» деган савол туғилади...

— Бу савол кўпчиликни қизиқтиради. Турли учрашувлар, тадбирларда қатнашганимизда «қандай қилиб бир давлат фуқароси иккинчи бир давлатнинг дипломатик вакили бўлиши мумкин» деган саволни кўп беришади. Билсангиз, консуллик идоралари бўйича «Вена конвенцияси» мавжуд. Шу конвенцияда фахрий консул ва консулликлар ҳақида боблар мавжуд. Унга кўра, бир давлатнинг иккинчи давлатда дипломатик ваколатхонаси бўлмаса, элчихона ва консуллик хизматлари мавжуд бўлмаса, «Вена конвенцияси»га асосан давлатлар ўртасидаги келишувга биноан фахрий консуллик очилиб, консул тайинланиши мумкин ҳамда бу давлат раҳбарлари даражасида тасдиқланиши шарт.

Финландиянинг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги 2019 йилнинг апрель ойида ташкил қилинган ва Финландия ташқи ишлар вазири ўринбосари шахсан келиб очилиш маросимида қатнашган. Ўшанда биз Ўзбекистон-Финландия катта бизнес форумини ташкил этганмиз ва амалий ижобий натижаларга эришганмиз. Бундай фахрий консулликлар анъанавий дипломатик ваколатхоналар каби икки давлат ўртасида иқтисодий, молиявий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам беради.

— Финландия бизда элчихона очиш эҳтимоли қандай?

— Бу саволга жавоб бериш қийин. Зеро, бунинг учун давлат миқёсидаги қарор қабул қилиниши керак ва буни ҳеч бир давлат олдиндан айтмайди. Бунинг учун бир неча омиллар роль ўйнайди: иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик, узоқ муддатга кўзланган мақсадлар ва ҳоказо. Юқорида зикр қилинган соҳаларда муайян даражага етгач расмий идора ташкил қилинишига эҳтиёж пайдо бўлади. Гарчи анъанавий дипломатик ваколатхонаси бўлмаса-да, ташқи ишлар вазирликлари таркибидаги бўлимлар мутахассислари ёрдамида ишлар самарали амалга ошириб келинмоқда.

— Эндиги режалар қандай?

Режалар улкан. Ишни энди бошладик. Форумда берилган катта ваъдаларни амалга ошириш учун қаттиқ меҳнат қилишимиз керак. Фин ҳамкасбларимиз, дўстларимизни қуруқ гап билан қолдирадиган бўлсак, бу энг катта йўқотиш бўлади, чунки улар бошқа ишонишмайди. Бунинг учун шу ишни қандай ҳамжиҳатликда бошлаган бўлсак, шундай давом этишимиз керак. Бу бизга ўзига хос реклама ҳам бўлади. Энг асосийси, биз қуруқ гап қилмасдан, ҳар бир имкониятни бой бермасдан амалий йўлга қўйишга уринсак фақат ютамиз.

Мавзуга оид