Тадбиркор билан суҳбатимизда унинг тадбиркорлик фаолиятидан ташқари, бир нечта ижтимоий масалалардаги фикрлари билан ҳам қизиқдик.
«Битта қарор билан стартапларни кўпайтириб бўлмайди»
— Ўзбекистон учун стартаплар – янги жараён. 4-5 йил олдин ҳатто долларни конвертация қила олмайдиган давлатда яшардик. Аммо айни пайтда ҳам мамлакатимизда стартаплар бошлаш учун муаммолар бор.
Биринчи муаммо бутун дунёда стартапларни ушлаб турадиган ва қўллаб-қувватлайдиган венчур фондлар, яъни инвестицион фондлaр Ўзбекистонда йўқ. Жаҳонда янги пайдо бўлган стартап ғояларига инвесторлар ишонч билдириб, қўллаб-қувватлайди. Улар билади, 10 та стартапдан 1-2 тасигина муваффақиятли чиқади, баъзида 10 таси ҳам муваффақиятсиз бўлиши мумкин. Лекин орада биттаси муваффақиятли бўлса, бу қолган ҳамма стартапларга кетган инвестицияни оқлаб кетади.
Ўзбекистонда бу функцияни банклар бажара олмайди. Банклар инвестор сифатида стартапга пул тикиши қийин. Давлат турли имтиёзлар билан берган инвестициялар аслида қайси йўллар билан, қаерга кетишини кўпчилигимиз кўриб турибмиз.
Иккинчидан, инфратузилма муаммоси. Биз стартаплар ҳақида гапиряпмиз, лекин шу вақтнинг ўзида ҳатто вилоят марказларида ҳам энерготизим барқарор эмас.
Интернет сифати ва тезлигини қўйиб туринг, бир суткада 2-3 соат чироқ ёнган ҳолатларга дуч келдик. Шунга ўхшаш ҳолат Қарши шаҳрида бўлди, у ерда филиалимиз бор.

Электр токи, газ, сув, йўл, сифатли интернет, темир йўллар, ҳаво йўллар каби инфратузилмалардаги муаммоларни ечмасак, бу муаммолар бир неча йиллар давомида бизни орқага тортишда давом этади. Ҳатто қилинган кўплаб ишларни ҳавога учиради.
Учинчидан, кадрлар муаммоси. Таълим тизими замондан орқада қолгани, билимли кадрлар қадрланмагани натижасида кўплаб кадрлар кетди. Ичкаридан чиққан кадрлар эса афсуски жаҳон талабларига жавоб бермайди.
Тўртинчидан, менталитет, маънавият муаммоси. Биздаги консерватив, янгиликларни қабул қилмайдиган одамлар янги ғояларни, ўзгаришларни қабул қилишни истамайди.
Яна маънавият термини ортидан турли-туман ғоялар учун ёпилдик. Бу каби сунъий тўсиқлар натижасида ижодкорлик ва эркин фикрлаш қобилияти тобора пасайиб боради. Бу фақат стартапларни эмас, санъатни ҳам инқирозга олиб келади. Масалан, яхши ўзбек кинолари бир йилда бир марта чиқиб қолиши мумкин. Сўнгги йилларда юқори истеъдодли янги хонанда чиқдими? Йўқ.
















