Ўзбекистон | 11:29 / 27.04.2021
14270
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг яна бир партияси олиб келинди

Ҳозирча вазирлик Россия вакцинасидан қанча олиб келингани ҳақида маълумот бермади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

27 апрелга ўтар кечаси Ўзбекистон «Спутник V» вакцинасининг яна бир партиясини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Юртимизда Россиянинг Н.Ф.Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинаси оммавий фойдаланиш учун сертификатланган ва тасдиқланган. Уни сертификатлаш жараёни ишлаб чиқарувчилардан керакли ҳужжатлар, хусусан, вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи натижаларини олгандан кейингина бошланганди», дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, яқин кунларда Ўзбекистонга ўзбек-хитой ZF-UZ-VAC2001 ва AstraZeneca вакциналарининг қўшимча дозалари етказиб берилиши кутилаётгани маълум қилинган.

«Мамлакатимизда вакциналарни барча ҳудудларга тенг тақсимлаш тизими жорий қилинган бўлиб, биринчи навбатда хавф остида бўлган фуқаролар эмланмоқда», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 23 апрелга ўтар кечаси Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг дастлабки партияси олиб келинганди. Ўзбекистонга аҳолини эмлаш учун олиб келинадиган «Спутник V» вакцинасининг ярмини тадбиркор Алишер Усмонов молиялаштирган. Олдинроқ ушбу вакцинадан жами 1 миллион доза сотиб олиниши режалаштирилган эди.

Вазирлик ҳозирча икки партия доирасида қанча вакцина олиб келинганини маълум қилмаган. Россия элчихонаси маълумотига кўра, иккинчи партияда 50 минг доза вакцина етказиб берилган. 28 апрел кунидан республикада Россия вакцинасини қўллаш бошланади.

Бундан олдинроқ Ўзбекистонда сўнгги бир кунда яна 20 мингдан ортиқ киши вакцина қабул қилгани ва 1 апрелдан буён эмланганлар сони 570 мингга яқинни ташкил қилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид