Ўзбекистон | 21:21 / 27.04.2021
11260
3 дақиқада ўқилади

ССВ Ўзбекистонда хусусий секторни вакцинация жараёнига жалб қилиш масаласи бўйича муносабат билдирди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабековнинг айтишича, Ўзбекистонда хусусий секторга ҳам вакцина олиб келиб, аҳолини пуллик асосда эмлашга рухсат берилган, аммо бугунги кунда вакциналарни ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш қуввати эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаётгани туфайли бундай марказларнинг бирортасида эмлаш жараёнлари амалга оширилмаяпти.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши вакцина хусусий сектор томонидан пуллик тарзда қилинаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

«Хусусий иммунопрофилактик муассасалар (вакцинация марказлари) томонидан коронавирусга қарши эмлаш жараёнларига рухсат берилган. Шу билан бирга, ҳозирги кунда коронавирусга қарши вакциналар фақат давлат буюртмаси асосида олиб келинаётганини унутмаслик керак. Ушбу вакциналар билан аҳолининг хавф ости гуруҳига кирувчи қатламлари эмланмоқда.

Хусусий иммунопрофилактик муассасалар ҳам ўзлари коронавирусга қарши вакцинани олиб келиб, эмлаш жараёнларини амалга оширишлари мумкин. Аммо ҳозирча бирор-бир хусусий вакцинация марказида бундай амалиётлар ўтказилмаяпти.

Қайд этиш лозимки, кейинчалик мамлакатимизга олиб келинаётган вакциналарга давлат буюртмаси шакллантирилаётган чоғда хусусий сектор эҳтиёжи ҳам эътиборга олинса (бугунги кунда вакциналарни ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш қуввати эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаяпти), уни юртимизга етказиб бериш билан шуғулланадиган ташкилот, шу жумладан, «Дори-дармон» АК томонидан ҳам хусусий секторга йўналтирилиши мумкин. 

Аммо ҳозирча фақат давлат муассасаларида хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда», деган у.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Спутник V» вакцинаси билан эмлашнинг нархи 500 минг сўмгача эканлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Санитария-эпидемиология хизмати матбуот хизмати бундай хабарлар ҳақиқатга зидлиги, Ўзбекистон аҳолиси учун «Спутник V» вакцинаси бошқа вакциналар қатори — хитой-ўзбек вакцинаси ZF-UZ-VAC2001 ва AstraZeneca (Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Covidshield) вакцинаси каби бепул бўлишини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Ўзбекистонга AstraZeneca вакцинасидан 660 минг доза, ўзбек-хитой вакцинасидан 1 млн доза олиб келинган ва 1 апрел куни шу вакциналар билан аҳолини эмлаш жараёни бошланганди. Шу кунгача 570 мингга яқин киши вакцина қабул қилган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасидан 100 минг доза ва ўзбек-хитой вакцинасидан 1 млн доза олиб келинди. Шунингдек, AstraZeneca вакцинасининг ҳам янги партиясини келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

28 апрелдан Россия вакцинасини қўллаш бошланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид