Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бухоро – Урганч – Хива» темир йўли электрлаштирилмоқда, Хоразмга электропоезд боради
Юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатновини ташкил этиш учун «Бухоро – Урганч – Хива» йўналишидаги темир йўлни электрлаштириш ишлари бошланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Бухоро – Мискин темир йўл линиясини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида март ойидан темирйўлчилар томонидан ушбу ишлар бошлаб юборилди.
2011 йилда «Тошкент – Самарқанд» йўналишида Марказий Осиёда дастлабки юқори тезликдаги «Афросиёб» электропоездлари ҳаракати йўлга қўйилган бўлса, кейинчалик Қарши, Бухоро ва Шаҳрисабз шаҳарларига ҳам қатновлар амалга оширила бошлади. Энди навбат Урганч ва Хива шаҳарларига етиб келди.
2017 йилгача Тошкент шаҳридан Урганчга қатновчи поездлар «Навоий – Учқудуқ – Мискин» магистрали орқали 1064 километр йўл босган бўлса, Қизилқум саҳросини қоқ ўртасидан кесиб ўтган 355 километрлик «Бухоро – Мискин» участкаси қурилгач, бу масофа қарийб 100 километрга қисқарди. Навбатдаги босқич – ушбу йўналишни электрлаштиришдир.
«Бухоро – Урганч – Хива» участкасининг умумий узунлиги 465,5 километр бўлиб, режага кўра, 8та электр туташтирувчи тармоғининг навбатчилик биноси, 18та қўриқланадиган темир йўл кесишмаси, 27та автомобил йўл ўтказгич ҳамда 1та локомотив жамоаси учун дам олиш уйи қурилади.
Шунингдек, участка бўйлаб жами 14 мингдан ортиқ пойдевор, 12 мингдан кўпроқ темир-бетон устун ўрнатиш ва контакт тармоғини монтаж қилиш ишлари, контакт тармоғига хизмат кўрсатиш учун махсус техникалар ва ҳимоя воситалари харид қилиниши режалаштирилган.
Электрлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиб, унда юздан ортиқ мутахассис, элликка яқин махсус темир йўл ва қурилиш техникаларидан фойдаланилмоқда. «Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш» лойиҳаси «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ҳамда Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишнинг электрлаштирилиши келгусида «Тошкент – Самарқанд – Навоий – Бухоро – Урганч – Хива» йўналишида тезюрар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлар қатновини йўлга қўйиш имконини беради.
Мавзуга оид
16:14 / 04.06.2026
Электропоезд чиптасини Тошкент жамоат транспорти билан боғловчи тарифлар жорий этилади
18:26 / 03.06.2026
Йил охиригача Бухоро-Урганч-Хива йўналишида замонавий электропоездлар қатнови йўлга қўйилади – транспорт вазири
18:31 / 29.05.2026
Москва-Душанбе поезди ҳаракати 6 йиллик танаффусдан сўнг тикланади
20:20 / 01.05.2026