Ўзбекистон | 14:22 / 29.04.2021
2007
2 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоятида коронавирус билан боғлиқ ҳолат маълум қилинди, сўнгги икки ҳафтада вилоятнинг 11 та ҳудудида касаллик аниқланган

Фото: KUN.UZ

Жиззах вилоятида 2020 йил 1 апрелдан 26 апрель кунига қадар жами 984 нафар беморда коронавирус тасдиқланган. Уларнинг 913 нафарига тўлиқ соғайгандан сўнг уйига жавоб берилган. Бу ҳақда вилоят СЭО ва ЖСБ бошлиғи ўринбосари Миннигул Муҳитдинова брифингда маълумот берди.

Бугунги кунда 63 нафар, шу жумладан 16 нафари стационар шароитда ва 47 нафари уй шароитида тиббий назоратда сақланмоқда. Беморларда касаллик енгил, айримларида ўрта оғир ҳолатда кечмоқда. Сўнгги икки ҳафтада касаллик вилоятнинг 11 та ҳудудида, асосан Жиззах шаҳри, Ш.Рашидов, Зомин, Ғаллаорол, Фориш ва Пахтакор туманларида қайд этилган.

2021 йилнинг ўтган даври мобайнида вазият нохуш бўлган давлатлардан келган ҳамда беморлар билан мулоқотда бўлган 5 052 нафар фуқаро устидан тиббий назорат ўрнатилган. Ҳозирда 1 325 нафар фуқаро тиббий назоратда бўлиб, 977 нафар бемор билан мулоқотда бўлган ва 348 нафар чет элдан келган фуқаро устидан тиббий кузатувлар давом этмоқда.

«Ҳозирги кунга қадар 474 729 та коронавирусга тест таҳлили ўтказилган. Эмлаш вакцина турига қараб 2-3 босқичда амалга оширилади. Иккинчи босқич 1 май кунидан бошланади. Вакцина билан эмланганлар ўртасида ножўя асоратлар кузатилмади. Вилоятга яна 48 минг 400 доза вакцина олиб келинди», — деди Миннигул Муҳитдинова.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги икки ҳафта давомида Жиззах вилоятида 12 та умумтаълим мактабининг 30 нафар ўқувчи ва ўқитувчиларида коронавирус аниқлангани туфайли 10 882 нафар мактаб ўқувчиси масофавий таълимга ўтказилган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид