Россиялик таниқли видеоблогер Константин Ткачёв турли мамлакатларга саёҳат қилиб, маҳаллий муаммоларни ёритади. Унинг объективи Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Влогернинг бир неча кун олдин эълон қилган влоги ҳам Ўзбекистон ҳақида.

У Қарши шаҳри ташқарисида чиқинди полигони борлиги ва ҳеч ким бу ҳақида гапирмаслиги, маҳаллий аҳолига етказаётган зарари ҳақида фикр билдирди. Уни энг ҳайратга солган жиҳат маҳаллий аҳолининг ушбу муаммога эътиборсизлигидир.

“Самарқанд ва Бухоро шаҳри ўртасида Қарши шаҳри жойлашган. Шаҳар ташқарисида, яъни Самарқанд-Қарши айланма автотрассаси (А-378)да эса чиқинди полигони. Оддий чиқинди полигони-да, дейишга шошилманг. Кучли шамол бўлганда, ушбу ҳудуддан маиший чиқинди, жумладан, целлофан пакетлари бутун чўл бўйлаб учиб кетади. Бу ҳолат замонавий рассомнинг қўрқинчли картинасини эслатади.

Чўлнинг ўртасида, ҳар томонимда целлофан пакетларни кўриб, даҳшатга тушдим. Маҳаллий аҳоли бу жой ҳақида умуман билмайди. Билганлар эса бу маълумотни айтишни хоҳламайди. Балки қўрқишар, балки бу оддий чиқинди полигони ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, деб кўникишгандир.

Қарши шаҳридан 5 км узоқликда ҳақиқий уруш бошланган, табиат зарарланяпти. У ерга борганимда, шунчаки муаммога кўз юмиб кетиш керак, деб ўйламадим. Ҳудуддаги барча целлофан пакетларни йиғиштиришни мақсад қилдим. Майдон нақадар кенглигини кўриб, ўз кучимга ортиқча ишониб юборганимни англадим.

Маълумот учун: целлофан пакет қачондир бўлсаям, дунё океанига етиб боради, чунки шамол уни учириб олиб боради. Целлофан ултьрабинафша нурдан таъсирланади, пластикка қараганда тезроқ парчаланади ва ичимлик сувига ҳам қўшилади ва яна ўзимизга қайтиб келади. Шундай қилиб, кун бўйи 4 та катта целлофан қопга майда целлофан пакетларни йиғдим.

Ўзим тозалаган майдонни харитадан кўриб, бир ва ундан ортиқ киши бутун майдонни тозалаши учун қанча вақт кетишини ҳисобладим. 1 киши 110 кунда, 10 киши 11 кунда, 50 киши 2 кунда тозалаб бўлар экан. Чўлдаги чиқиндиларнинг умумий ҳажми 35 куб метр бўлиб, Италиядаги Пиза минораси ҳажми (38 м3)га деярли яқинлашиб қоларкан. Эрталаб келиб қарасам, тозалаган жойим яна аввалги ҳолатига қайтибди, чунки шамол чиқинди полигонидан яна бошқа целлофанларни учирган. Бир киши ҳаммасини қилиши имконсиз, албатта. Шу ҳолатдан кейин танишларим билан боғландим: баъзилари ёрдам берамиз, деган бўлса, айримлари нима ишинг бор, сен ўзбекистонликмассан, дейишди. Хуллас, ҳеч кимни йиғолмадим.