Жамият | 18:08 / 01.05.2021
17819
13 дақиқада ўқилади

Чекка бир қишлоқнинг чекка мактабида… 35 йиллик муаллим Исмоил Ашуров билан суҳбат

Умрини ўқитувчиликка бағишлаган Исмоил Ашуров 1964 йил 17 июнда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Тарқопчуғай қишлоғида туғилган. 7 фарзанд ва 11 набиранинг бобоси, «Шуҳрат» медали соҳиби бўлган педагог билан суҳбат уюштиришга қарор қилдик. Қаҳрамонимиз ишлаш қийин бўлган давр, таълимдаги бугунги ислоҳотлар ҳақида гапириб, ўз таклифларини ҳам билдириб ўтди.

«Дастлаб тракторчилик курсини тугатганман...»

«1980 йил ўрта мактабни тугатдим. Ўша давр мафкураси шундай эдики, лавозимда ишлайдиган кишиларнинг фарзандларига совхоздан йўлланма берилмаса, олий ўқув юртига ўқишга ҳужжат топшира олмас эди. Шу туфайли 2 йил институтга ўқишга бора олмай шу орада тракторчилик курсини тугатдим.

1982-1984 йиллар армияда хизмат қилдим, 1985 йил ўқув ишлаб чиқариш комбинатига (УПК) ишга ўтиб, 1986 йилдан бошлаб тракторчилик курси бўйича ўқувчиларга дарс бера бошладим. 1989 йил Термиз давлат университети тарих факультети сиртқи бўлимига ўқишга кириб, 1994 йил битирдим.

1989 йилдан ҳозирга қадар Деҳқонобод туманидаги 6-мактабда тарихдан дарс бераман. Kўп йиллар давомида ўқувчиларим тарих ва ҳуқуқшунослик фанларидан туман ва вилоят фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиб, фахрли ўринларни олиб келишди. Камтарона меҳнатим ватанимиз томонидан қадрланиб, 2007 йил «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. Бу мен учун катта шараф.

Танлаган касбимдан ҳеч афсусланмадим. Аксинча, шогирдларимнинг ютуқларини кўрганда ёки эшитганда, мана шундай чекка қишлоқнинг болалари ҳам шундай натижаларга эришяпти, деб фахрланганман. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди: Тошкентдаги нуфузли олий ўқув юртларининг бирида таҳсил олган шогирдимнинг никоҳ тўйида курсдош дўстларидан бири «Оғайнимизнинг шу ерлардан пойтахтни топиб бориб ўқиганига қойил қолдим. Бунинг учун ота-онасига, устозларига, ўзига раҳмат айтиш керак», деганди. Ўшанда ўқитувчилигимдан, шу қишлоқда яшаётганимдан фахрланганман», дейди педагог.

Турли даврларни кўрган ва кўп йиллик тажрибага эга педагогсиз. Aйтингчи, қайси давр ёки йилларда ишлаш энг қийин бўлган ва нима учун?

– Сизнинг гапингиздан кейин мундо-оқ орқага назар ташладим… анча йўлни босиб ўтиб қўйибмиз. Тўғриси, собиқ иттифоқ ва ундан кейинги ўтиш даври ўқитувчилар ишлаши учун энг қийин пайт бўлган. Қишлоғимиз туман марказидан 60-65 км узоқликда тоғли ҳудудда жойлашган. Ўшанда чорвачиликка ихтисослашганимиз учун май-июн ойларидан бошлаб юқори синф ўқувчилари билан бирга пичан ўришга «жалб қилинардик».

Янги ўқув йили энди бошланган пайтларда, 10 сентябрдан юқори синф ўқувчилари билан бирга пахта теримига кетардик. Шу билан ноябр охири, декабр бошларида қайтардик. Пахта теримидан қайтгач, ўқув режани бажаришимиз учун қўшимча дарслар қўйиларди. Пахта мавсумидаги қийинчиликларни эслагим ҳам келмайди…

Сўнгги йилларда таълим соҳасида бўлган ислоҳотларни ҳис қилдингизми? Сизнингча, улар нималарда намоён бўляпти?

– Эсингизда бўлса, Шавкат Мирзиёев президентликка сайланганидан кўп ўтмай бир гуруҳ академиклар билан илм-фан ривожланишидаги муаммолар ҳақида очиқ мулоқот ўтказди ва уларни бартараф этиш йўлларини излади. Бу учрашувни қизиқиш билан кўрдим, ахир илм-фан учун қўйилган ҳар бир сармоя келажак учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

Бугунги кунда ташкил этилаётган президент мактаблари, ҳар бир вилоятда ташкил этилаётган ижод мактаблари, кимё-биология, физика-математика фанлари чуқур ўзлаштириладиган ихтисослашган мактабларнинг ташкил этилаётгани қанчадан қанча иқтидорли ўқувчиларнинг юзага чиқишига олиб келяпти. Бундан ташқари, илм-фан, спорт, маданият, санъат, шахмат-шашка ва бошқа соҳаларда қанчадан қанча иқтидор соҳиблари етишиб чиқяпти.

Мактабларда яна эркак ўқитувчилар кўпая бошлагани айтиляпти. Бу ҳолат сиз ишлаётган мактабда ҳам сезилдими?

– Бизда аввалдан эркаклар кўп бўлган, чунки қишлоқда қиз болага нисбатан ўғил болалар кўпроқ ўқийди. Лекин ўзгариш бор, қизлар ҳам олий маълумот олишяпти, бу яхши. Мактабимизда 406 нафар ўқувчига 39 нафар ўқитувчи дарс беради. Шулардан 3 нафари аёллар.

Қишлоқ анча тарқоқ жойлашган экан. Бундай шароит ўқувчи ва ўқитувчиларга қийинчилик туғдирмайдими?

Мактаб филиали

– Гапингизда жон бор. Қишлоғимиз Тарқопчуғай дарёси бўйлаб 8-9 километрга чўзилган. Қишлоқнинг мактабдан узоқ жойида яшовчи ўқувчилар қатнашга қийналади, айниқса қишда. Шуни ҳисобга олган ҳолда Пастки овул деб аталадиган қишлоғимизнинг бошланиш қисмида мактаб филиали ташкил этилган. У ерда асосан бошланғич синф ўқувчилари ўқийди. Ўқитувчилар эса тақсимланган жадвал асосида дарс ўтади.

Мактабимиз салкам 90 йиллик тарихга эга. Бу ерни тамомлаганлар бутун мамлакатда ишлаб келмоқда. Битирувчилар орасидан олимлар ҳам чиққан.

– Чекка бир қишлоқдаги мактабда фаолият юритишнинг, умуман, яшашнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бўлса керак...

– Албатта. Тарқопчуғай Деҳқонобод туманидаги тоғли қишлоқлардан бири. Кўҳитанг тоғининг туташ, Ҳисор тоғ тизмаларининг эса бошланишида жойлашган бу чекка қишлоққа бориш ҳам қийин. Қўрғонтош қишлоғидан бошланган 17-18 километрлик ўйдим-чуқур, сел ювиб кетган тош йўл одамни чарчатади. Айниқса одамлар Толли деб атайдиган довон кўринишидаги баланд тепаликдан ўтишда одамни ваҳима босади, чунки тик қиялик ва хавфли бурилишлар кўп. Шу қишлоқда туғилиб-ўсган бир одам сифатида бу йўлнинг заҳмати-ю азобини жуда яхши биламан. Қаҳратон қишнинг аёзли совуқ, баҳорнинг жала, ёмғир ёғиб турган пайтларида ўқувчиларни мотоциклга миндириб фан олимпиадаларига олиб борган, бировнинг боласини эсон-омон қўлига топширай, деб Яратганга илтижо қилган пайтларим бўлган. Афсуски, бу йўл ҳозир ҳам шундай. Туман, вилоят раҳбарлари йўлни созлашга эътибор қаратса, яхши бўларди.

Тарқопчуғай қишлоғи йўллари

Ўтган йилги пандемия вақтида интернетнинг ишламаслиги ҳам жуда кўп панд берди. Ўқув йили бошланганда билдикки, аксарият ўқувчиларимизнинг ўқиганлари эсидан чиқиб кетган. Онлайн дарс ўтишнинг имкони йўқ, қолаверса қишлоқчилик, аксарият ота-оналарга боласининг дарсидан кўра уй ишига қарашгани маъқул. Шундай сабаблар туфайли билими пастлашган ўқувчиларимни кўриб, ачиндим.

– Бугунги кун ўқувчиларининг билим олишга, дарсларни ўзлаштиришга бўлган қизиқиши қандай?

– Ҳар бир болада билим олишга бўлган қизиқиш бўлади. Бу қизиқишни топа билиш ва болани рағбатлантириб, тўғри йўналтириш кўп жиҳатдан ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ. Тўғри, бугун техника асрида яшаяпмиз, ўқувчилар телефонга чалғиб, билим олишга қизиқмай қўйгандек, лекин мана шу вазиятда ҳам эътиборсизлик қилмасдан ҳаракат қилса, албатта, натижа бўлади.

Суҳбатимиз ўз-ўзидан ўқитувчиларга келиб тақаляпти. Бугунги кун ўқитувчисини қандай тасаввур қиласиз?

– Менимча, ўқитувчи бўлиш учун ўқитувчи бўлиб туғилиш керак. Ўрни келганда ўқитувчи кучли психолог ва актёр, меҳрибон она, қаттиққўл ота, сирдош дўст, ҳазилкаш ва самимий ўртоқ ва албатта, ўз фанининг фидойиси бўлиши керак. Сизда шундай хислатлар бўлсагина ўқувчиларни эргаштира оласиз.

Кези келганда бир гапни айтай. Баъзи гурунгларда авваллари ўқувчилар ўқитувчининг кўзига тик қарай олмагани, улар борган тўй ёки даврада кўзга кўринмасликка ҳаракат қилишгани ҳақида гапириб қолишади. Ўзимда ҳам худди шундай бўлган, яъни ўқитувчи биз учун энг улуғ инсон эди. Тан олиш керак, маълум бир муддат жамиятда ўқитувчининг ўрни, обрўси тушиш ҳолатлари кузатилди. Оқибатда дарсларда сифат, ўқувчиларда савод пасайиб кетди. Мен буни мактабимиз мисолида эмас, умумий ҳолатдан келиб чиқиб айтяпман. Бу жараёнда ҳам дарсга бўлган жонкуярлик, изланувчанлик ва ўзини тутиши билан обрўсини, ҳурматини сақлаб қолган ҳамкасбларимиз ҳам кўп бўлди ва уларга бунинг учун раҳмат. Жамиятда ўқитувчи нуфузининг юксалиши уларнинг ўз устида ишлаши, касбини эъзозлашига ҳам боғлиқ.

Мактабнинг эски биноси

Бугунги кун ўқитувчиси изланишдан, ўқишдан, ҳаракатдан тўхтамаслиги керак. Таъбир жоиз бўлса, ўқувчилардан камига икки қадам олдинда юриши керак. Изланиш ва ҳаракатдан тўхтаган ўқитувчи узоқ манзилга кетаётган автобуснинг йўл ўртасида тўхтаб қолишига ўхшайди. Энди автобус ичидаги йўловчиларнинг ҳолатини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Aгар бугун таълимдаги битта муаммони буткул бартараф қилиш имкониятингиз бўлганида нима қилган бўлардингиз?

– Замон шиддат билан ривожланмоқда. Шунинг учун, таълимни ҳам замонга мослаб олиб бориш талаб қилинмоқда. Aгар менга таълимдаги битта муаммони буткул бартараф қилиш имконияти берилса, аттестация масаласини қайта кўриб чиққан бўлар эдим. Таълим тизимида 35 йилдан буён ишлайман. Шундай устозларни кўрдимки, назарий жиҳатдан анча билимдон, лекин амалиётда ҳеч гап йўқ. Мактабда шундай ўқитувчилар борки, уларда билим бериш қобилияти кучли, ўқувчиларни ўз орқасидан эргаштира олади, ўқувчиларининг ўзлаштириши ҳам яхши. Лекин уларда ҳеч тоифа йўқ. Биринчи ва олий тоифани олиб ўқувчиларга ҳеч нарса бера олмаса, бу пуч ёнғоқни ўртага сочиб юбориш билан баробардир.

Мактабнинг янги биноси

Таклифим шундан иборатки, ўқитувчининг ҳақиқий билимини баҳолаш учун унга тоифа эмас, даража (категория) бериш керак. Яъни олийгоҳни тугатиб келган ўқитувчини 4-даражада баҳолаш керак. Ўқувчиларга яхши таъсир ўтказадиган ўз фанининг фидойиларини 10-даражагача кўтариш керак. Aлбатта, ҳар бир даража ўртасида ойлик маошида ҳам фарқ бўлиши лозим. Таълим тизимига адашиб кириб қолганлар ёки ўқувчиларга билим бера олмайдиган ўқитувчи даражасини ҳаракатига қараб пасайтириб бориш лозим. Шунда фидойи ўқитувчиларнинг ойлик маошини 1000 долларга етказса бўлади. Шунда ўқитувчи ўқувчиларга нимадир беришга астойдил ҳаракат қилади ва бунинг натижаси бўлади.

Фидойи ўқитувчига баҳони ўқувчининг ўзи беради. Биласизми, ўқитувчи дарсга кириб 5-6 соат дарсини ўтгандан кейин ўқувчилар ўша ўқитувчининг ҳақиқий «тўнини бичиб», «неча пуллик тош босишини» аниқлайди-қўяди. Бу ҳолатни аноним сўровнома ўтказиш орқали ҳам билиш мумкин. Талабчан, фидойи ўқитувчиларни ота-оналар ҳам билишади. Улар ўз фарзандларини шундай ўқитувчилар дарс ўтадиган синфларга беришни хоҳлайди.

Ота-оналар билан суҳбатлашсангиз, «Болам фалон фанлардан кўп дарс қилади, лекин фалонча фанларни очиб ҳам қарамайди», дейишади. Хулоса эса ўзингиздан. Хуллас, ҳали таълим тизимида қилиниши керак бўлган иш кўп.

Бу менинг кўп йиллик кузатувлар асосида тўплаган таклифим холос. Бундан ташқари, ўқитувчининг меҳнат стажи ҳам инобатга олинса, нур устига аъло нур бўлар эди. Чунки олийгоҳни энди тугатган, ҳали дарсга киришга ийманиб турадиган ўқитувчи билан 20-30 йиллик тажрибага эга тажрибали ўқитувчининг ойлик маошида негадир ҳеч қанақа фарқ йўқ.

Менинг шу таклифларим инобатга олиниб, фидойи ўқитувчининг ойлик маоши 1 000 долларга етса, у бола-чақамни қандай боқаман, контракт пулини қандай тўлайман, ўғлимни қандай қилиб уйлантираман, деган фикрлардан буткул йироқ бўлади ва ўзини фақат таълимга бағишлайди. Бунинг самарасини тасаввур қилиш қийин эмас. Масалан репетиторга боришга ҳожат қолмайди.

Қолаверса, тарих ўқитувчиси сифатида армонга айланиб қолаётган бир ниятим бор. Гап шундаки, қишлоғимизда Мунчоқтепа деб аталадиган қабристон-тепалик бор. Ҳозир ҳам қабр қазилаётганда бу ердан қадим кўзаларнинг сопол синиқлари, мунчоқ, пичоққа ўхшаш турли рўзғор буюмлари чиқиб туради. Қани энди археолог олимларимиз бу ерга ҳам эътибор қаратиб, изланиш олиб борса, балки кўҳна тарихимизнинг очилмаган қирралари очилармиди.

«Шунча гаплар чин юракдан отилиб, ҳайқириб чиқди. Энди бу гапларни оммага эълон қилиш ўзингизга ҳавола…», деб якунлади сўзини қаҳрамонимиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Мавзуга оид