Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Академик Ўткир Расулев вафот этди
Физикавий электроника соҳасида жаҳонда танилган йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ўткир Расулев 4 май куни 82 ёшида вафот этди.
Ўткир Расулевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига Ўзбекистон Фанлар академияси президиуми чуқур ҳамдардлик изҳор этган.
Ўткир Расулев 1939 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1961 йилда Ўрта Осиё университетини тугатган, Ўзбекистон ФА Физика-техника (1962—67), Электроника институтларида (1967—69), СССР ФА Иоффе номидаги Физика-техника институтида (1965-81 йиллар) ишлаган. Ўзбекистон ФА Электроника институти лаборатория мудири (1981 йилдан) ва директори (1985 йилдан).
Илмий ишлари физик электроника ва қаттиқ жисм сирти физика кимёси соҳаларига оид. У эмиссион электрониканинг янги йўналиши — кўп атомли молекулаларнинг қаттиқ жисм сирти билан ўзаро таъсири ва бундай зарраларнинг сиртий ионланишини очди, органик ва биоорганик бирикмалар ионланишининг янги услубини топди ва бу ҳодисанинг барча қонуниятларини аниқлади.
Ўткир Расулев шогирдлари билан биргаликда органик ва биоорганик бирикмалар, жумладан, экология ва атроф-муҳитни назорат қилиш учун зарарли ва заҳарли, гиёҳванд ва доривор моддаларни қайд этувчи, юқори сезгирликка ва танлаш хусусиятига эга сирт ионизацион услублар ва асбоблар, газ хроматографияси учун детекторлар, газ анализаторлари, ионларнинг ҳаракатчанлиги бўйича ажратувчи спектрометрлар ва бошқа асбоблар ишлаб чиқди.
У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлган (1995-99 йиллар). «Шуҳрат» медали (1994 йил) ва «Меҳнат шуҳрати» ордени (2003 йил) билан мукофотланган.