18:09 / 05.05.2021
8595

Судья оқланган шахсларнинг ишга тикланиш тартиби бўйича тушунтириш берди

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Шуҳрат Аббосов 4 май кунги матбуот анжуманида ноҳақ ҳукм қилинган шахслар оқланганидан сўнг уларнинг ишга тикланиши масаласи қандай бўлиши ҳақида маълумот берди.

Шуҳрат Аббосовга кўра, оқланган шахсларнинг ишга тикланиши масаласини кўриб чиқиш қайси судга тааллуқлилиги бўйича амалиётда бир неча йил олдин тушунмовчиликлар бўлган, лекин ҳозир бундай муаммо йўқ.

«Реабилитация қилган орган прокуратура бўладими, тергов органи бўладими, суд бўладими, уларнинг хатти-ҳаракатлари аниқ белгилаб қўйилган.

Жиноят процессуал кодексининг 310-311-моддаларида қайси талаблар бўйича даъво иши юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи аниқ қилиб белгиланган.

Шуҳрат Аббосов

Унга кўра, реабилитация этилган шахсларнинг ҳуқуқлари тикланганини жиноят ишлари бўйича суд ўзининг оқлов ҳукмида эътироф этади. Шундан сўнг, ушбу оқлов ҳукми асосида фуқаро иш берувчисига бориб, ўзини аввалги ишига тиклаш, ишсиз юрган вақтини иш стажига қўшиш ва ойлик иш ҳақларини ундиришни ариза ёзиши мумкин.

Ариза иш берувчи томонидан қаноатлантирилмаса, ЖПК 311-моддасига асосан даъво иш юритиш тартибида кўрилади, дея аниқ қоида белгиланган. Шу нуқтайи назардан, мана шу босқичлардан кейин фуқаролик ишлари бўйича судга берилган бирор бир даъво аризаси кўрилмасдан қолмайди», – дейди Шуҳрат Аббосов.

Мавзуга доир:

Top