11:05 / 08.05.2021
2502

Китоблик Шахзодбекни жароҳати билан боғлиқ суд давом этмоқда

Фото: KUN.UZ

7 май куни ЖИБ Китоб туман суди ҳолат юзасидан навбатдаги суд мажлисини ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Судда Китоб туман суд-тиббий экспертизаси бўлинмаси давлат суд эксперти Тўлқин Холқараев эркин гувоҳлик берди.

Аввалига эксперт Шаҳзод Усмоновнинг жароҳатлари юзасидан тиббий экспертиза хулосаларини ўқиб берди. Жароҳат битта кўзнинг олмаси йўқолгани сабабли меҳнат қобилиятини 33 фоизга йўқотишга олиб келганини, тиббий экспертиза хулосасини ўзи кўз бўйича мутахассис бўлмагани учун Самарқанд шаҳрида Шаҳзодни «операция» қилган шифокорнинг тиббий хулосалари асосида ёзганини айтди.

Қайта экспертиза тайинланганда воқеа содир бўлган уйда терговчи Ҳулкар Неъматовани хулосалари бўйича ўрганганини, эшик тутқичи Шаҳзодни бўйи билан солиштирилганда кўзидан баландда эканлигини, кўзга зарар етказиши ҳақиқатга зид, далилий ашё бўлган пичоқ ҳар қандай ҳолатда ҳам тик турмаганини, тик турганда ҳам инсон оғирлиги билан тўлиқ баданга кириб қолишини билдирди.

Прокурорнинг меҳнат қобилиятини йўқотиш касбга қараб белгиланадими, деган саволига экспертлар ўзларини махсус китоблари асосида асосий органларнинг йўқолиши, яроқсиз ҳолга келиши билан тайинлашини таъкидлади.

Экспертнинг хулосасидан кейин судланувчи Дадахон Хасановнинг адвокати Собит Хушов судга Тўлқин Холқараев криминалист эксперт эмаслигини, воқеа бўйича қайта эксперт тайинланиши, воқеа аниқлаштириш лозимлиги, Шаҳзод Усмоновнинг кўзи кўриш даражасини ҳам қайта текширишни сўраб илтимоснома киритди.

Суд ушбу илтимосномани муҳокама қилиб, қаршилар йўқлигини ва қайта экспертиза ўтказиш узоқ вақтни олиши сабабли қўшимча экспертиза тайинлади.

Суд мажлиси номаълум муддатга қолдирилди.

Top