17:26 / 09.05.2021
11635

«Инглиззабон ўқитувчилар керак, бизда speaking ва listening'да муаммо бор» – зарбдорлик инглиз тили ўқитувчиси билан суҳбат

Бугунги суҳбатдошимиз Шарофиддин Қаршиев 1979 йил Сирдарё вилоятида туғилган. 2000 йил Жиззах давлат педагогика институтининг хорижий тиллар факультетини тамомлаган. У айни дамда Жиззах вилояти, Зарбдор туманидаги 5-умумтаълим мактабининг I тоифали ўқитувчиси. Қаҳрамонимиз 2014 йил Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони билан тақдирланган. Суҳбат давомида педагог ҳозирда чет тилларини ўқитишга берилаётган эътибор ҳақида гапириб, ўз таклифларини билдириб ўтди.

Шарофиддин Қаршиев

– Хорижий тилларни ўрганиш бўйича алоҳида қарор қабул қилинди. Буни қандай қабул қилдингиз, ўзингизни янги талабларга тайёрман деб ўйлайсизми?

– 2012 йил 10 декабрда инглиз тили дарслари 1-синфдан бошлаб ўтилиши ҳақидаги қарор қабул қилинганди. Ўшанда жуда хурсанд бўлганмиз. Ўша пайтдаги 1-синфлар ҳозир 8-синф бўлди. Демак, яна 3 йилда натижа аниқ бўлади, ютуқлар ва камчиликлар аниқланади. Бир фикр бор, масалан ўқувчилар 1-синфда ўқишни, яъни алифбони ўрганади. Инглиз тили оғзаки ва ўйинлар орқали ўргатилади. 2-синфда эса рус тили ва инглиз тили ўқитила бошлайди, ўқувчида бироз қийналади. Бизнинг мактабда қирғиз тилида ҳам таълим берилади ва бу синфларда қирғиз, рус ва инглиз тили ўтилади. Бола учун босимни тасаввур қилаяпсизми? Айнан мана шу жиҳатларни ўйлаб кўриш керак. Масалан, ёзма иш ёзганда лотин ва кирилл ҳарфлар аралашади, айниқса қардош синфлардаги ўқувчиларнинг ёзувларида.

Янги қарор яхши натижа беради деган умиддаман. Олимлар ва устозларимиз бу ҳақда ўйлаётгандир. Мактабда инглиз тили фанига эътибор жуда яхши ва ўқувчиларнинг қизиқишлари ҳам жуда шунга яраша. Ноутбук, проектор ва магнитолалар, дидактик материаллар мавжуд. Бошқа фанларда бу воситалар йўқ деса ҳам бўлади. Шахсан мен янги қарор талабларига тайёрман. Лекин ўз тилингни билмай туриб, бошқа тилни ўрганиш анча қийин бўлади, деб ўйлайман.

Биз осмонда лочиндек тез учадиган, ерда гепарддек тез югурадиган ва сувда балиқдек тез ва эркин сузадиган бўлишимиз керакми ёки ўрдакка ўхшаб осмонда озроқ учадиган, ерда секин юрадиган ва сув остида озроқ вақт сузадиган бўлишимиз керакми? Менимча ҳаммага биринчиси маъқул. Янги қарорлар биздан айнан шуни талаб қилмоқда.

Иқтибос: Республика бўйлаб аттестациядан 49 фоиз ўқитувчи ўта олмаганидан жуда афсусдаман. Аттестацияда қатнашган ўқитувчиларнинг кўпчилиги тест C1 даражада эканини айтди. Биз ҳали C1 даражага билимимиз етадими, шуни аниқлашимиз керак.

– Бундай мазмундаги қарорлар олдин ҳам бор эди. Янги қарорнинг афзал жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз?

– Ҳар бир чет тили ўқитувчиси ўз фанини яхши билиши шарт. Writing – ёзув, reading – ўқиш бу муаммо эмас. Лекин listening – тинглаб тушуниш ва speaking – гапириш, бу ерда муаммо бор деб ўйлайман. Кема сувга бормаса, cув кемага келади деганидек, native speaker’лар (инглиззабонлар) керакми дейман. Россиядан ўқитувчилар келганидек, яна Peace корпусидан волонтёр ўқитувчилар келса, кўнгилдаги иш бўларди. Бир туманга 2-3 нафар кўнгилли инглиз тили ўқитувчилари кифоя қилади. Ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳақиқий инглиззабонлар билан доимий равишда мулоқотда бўлиб турса, бу самара беради. Чунки тил билишга умуман уқуви йўқ одам ҳам хорижга бориб мажбур ўрганиб олади-ку.

Халқаро сертификат олган ўқувчилар 3 йилда 10 баробар ошган (700 дан 7 000 га). Ўзбекистонда 10 000 дан ортиқ мактаб бор. Ҳар йили битта мактабдан бир ўқувчи халқаро сертификат олса, бир йилда 10 000 нафар бўлади. Сертификат 2 йил амал қилади, менимча. Жияним ҳам яқинда IELTS олди, эшитиб хурсанд бўлдим. Мактабимизда ҳам IELTS олган 3–4 нафар собиқ ўқувчи бор. Аммо бу жуда ҳам кам деб ўйлайман.

Республика бўйлаб аттестациядан 49 фоиз ўқитувчи ўта олмаганидан жуда афсусдаман. Улар орасида мен ҳам бор эдим ва бу бизга сабоқ бўлиб, ўзимиз устимизда ишлашимиз керак. Аттестацияда тестлар C1 даражада эди. Биз ҳали C1 даражага билимимиз етадими, шуни аниқлашимиз керак. Шу ўринда бир мулоҳаза: агар сиз мактаб раҳбари бўлганингизда, билими кучли C1 даражаси бор ўқитувчини олармидингиз ёки B2 даражадаги, лекин кучли малакали устозни танлармидингиз?

Янги талаблар ичидан менга энг ёққани аввал тил билиш шунчаки хоҳиш эканлиги айтилган бўлса, энди қатъий эҳтиёжлиги билдирилмоқда. Хусусан, ишга кириш, ўқишни битиришда тил билиш муҳим талаб сифатида қўйилаётгани айни муддао бўлди.

– Маошингиз қанча, у етарлими ва сир бўлмаса репетиторликнинг даромадингиздаги ҳиссаси қанақа?

– Маошим ёмон эмас – 3 млн сўм атрофида. Биз нисбатан чекка ҳудудда яшаймиз, аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги, чорва билан шуғулланади. Репититорлик учун халқда ортиқча пул кўп эмас. Аниқроғи ота-оналар боласининг билим олиши учун кўп пул сарфлашга одатланмаган. Бизнинг шароитда ҳам кўпчилик боласи таълим олишини ҳоҳлайди, лекин имкони йўқ. Ўзим ҳам иш билан бирга деҳқончилик қиламан, мол боқаман. Беш ўғлим, бир қизим бор. Уларнинг тақдири биринчи навбатда мени ўйлантиради. Янги ўзгаришлар фарзандларим қаторида бутун Ўзбекистон болаларига тааллуқли бўлишидан умидворман.

– Қишлоқ шароитида болаларнинг тилга қизиқишидан қониқасизми? Ахир қарорлар моҳияти ҳам шунга тақалади.

– Менда шундай имконият бўлганида, флешкада маълумотни компьютерга солганимиздек, ўқувчиларнинг хотирасига жойлаб қўярдим. Аммо бунинг иложи йўқ. Хулоса шуки, аввало ўқувчининг ўзи ҳаракат қилиши керак. 5-7-синфгача ўқувчилар яхши ўқияпти, юқори синфларда эса аълочи ўқувчилар сони борган сари камайиб кетяпти. Агар ўқувчи 3 мингта инглизча сўз билса, у бу тилни тушуна бошлайди. Агар 7-8 мингта сўз билса, ўқувчи бемалол инглиз тилида гаплаша олади. Аммо болаларимиз инглиз тилини яхши билгани билан, дейлик тарих ва она тилидан билим даражаси бўйича шаҳар ўқувчиларидан ортда қолишяпти. Лекин шаҳарлик ўқувчи педагогика институтига деярли ҳужжат топширмайди. Демак қишлоқ ўқувчиси педагогика институтига ўқишга кира олади. Бу эса ўз ҳудудида иш билан таъминланиш демакдир. Хоҳлардимки, ўқувчиларим бу билан чекланиб қолишмасин, олдиларига каттароқ марралар қўйишсин.

–Таълим тизимидаги битта муаммони бартараф қилиш имконингиз бўлганида, нима қилган бўлардингиз?

– 9-«А», «Б» синфларда 55–60 нафар ўқувчи бўлса, иккала синфда нари борса 10 нафар ўқувчи билим олишга чанқоқ, аълочи. Аълочи ўқувчилар шаҳарларга академик лицейга ўқиш учун кетади. Қолган ўқувчилар билан ишлаймиз ва 10-11 синфда 7-8 ўқувчи талабга жавоб беради. Биз олий ўқув юртига бу ўқувчиларни киритишимиз керак. Бу замон талаби, акс ҳолда мактабимиз қизил ҳудуддаги мактаблар сирасига киритилади. IELTS олиш ўқувчи қанча тўлов қилиши керак? Қишлоқда бунинг иложи борми? Бу саволлар ҳам долзарб, аммо шукрки ечимини топмоқда.

Саралаш ва рақобат муҳитини яратишнинг вақти келди, деб ўйлайман. Масалан, «А» синф элита синф, фақат аълочи ўқувчилар ўқишади, «Б» синфдан аълочилар тест орқали «А» синфга ўтишлари мумкин. «А» синфда ҳам белгиланган вақтларда тест олинади ва ўзлаштира олмаганлар «Б» синфга туширилиши мумкин. Шу билан бирга, «А» элита синф устозлари ҳам танланди. Назаримда мана шу усул 3 йилдаёқ натижа беради, ўқувчи шаҳарга кетмайди, чунки дарсдан қониқади. Мана сизга қишлоқда репититорликнинг бошланиши.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Top