Дунё аҳолисининг 40 фоизи бир тилда, 43 фоизи эса икки тилда гаплашади. Ер юзи аҳолисининг тахминан 1,2 миллиарди янги тилни ўрганмоқда. Бир нечта тил биладиганлар 2 дан 15 фоизгача кўпроқ пул топишлари мумкин. Веб-сайтлар ва улардаги маълумотларнинг 50 фоиздан ортиғи инглизча, 5 фоиздан кўпроғи эса русча. 100 ортиқ мамлакатларда инглиз тилида гаплашиш мумкин, рус тили эса асосан Россия ва айрим постсовет ҳудудларидагина амал қилиб, бу кўлам торайиб боряпти. Чет тилини ўрганиш бўйича таҳлилларга асосланган бугунги мавзу танлов қаршисида турганлар учун фойдали бўлади.

Яқин 10 йилликларгача Ўзбекистон мактабларида хорижий тиллар (асосан инглиз ва рус тиллари) 2-синфдан бошлаб ўтилган бўлса, сўнгги йилларда ҳатто мактабгача таълим босқичларидан тил дарслари дастурларга киритилиб, тил ўрганиш ёши 2-3 йилга “ёшарди”. Демак, талаб бор – мақсадни эса тўғри қўйиш керак. Хорижий тилни ўрганиш алоҳида қунт, машаққат ва вақт талаб этади. Шундай экан, ўрганилаётган тилнинг истиқболи ҳам қилинган меҳнатни оқлаши лозим.

Мақсадни аниқлаб олиш

Ўзбекистон таълим дарсликларига хориж тилларидан рус, инглиз, француз, немис ва бошқа тиллар киритилган. Асосан, рус (бир ўқув йилида 68 соат) ва инглиз (бир ўқув йилида 102 соат) тиллари. Бу тиллар биз учун бошланғич база вазифасини бажаради. Мақсад қўяётганда эса бир-бирини инкор этадиган парадокс фикрлар онгимизда айланаверади: одамлар сонига кўра тил ўрганилса, асосан, битта давлатдагина қўлланиладиган ҳинд ва хитой тиллари тарозини босади; кўламига қараб ўрганилса, дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида инглиз тилида гаплашишади; рус тилини ўрганай десангиз, Россиядан нарига ўтишингиз билан сизни тушунишмайди ёки эшитишмайди; туркий давлатлар бирлашуви тарафдорлари эса ягона адабий туркий тилининг яратилишидан умидвор, хуллас, танлов кўп. Энг муҳими, мақсадни тўғри аниқлаб олиш. “Бу тил менга нима беради?” саволига аниқ жавобимиз бўлиши шарт. Бунинг учун эса асосли таҳлил лозим.