Ўзбекистон | 19:03 / 09.05.2021
6054
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хусусий клиникаларга COVID-19’га чалинган беморларни даволаш учун берилган ҳуқуқ муддати узайтирилди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг июлидан хусусий клиникаларга ҳам COVID-19’га чалинган беморларни даволашга рухсат берилганди. ССВ матбуот хизматининг хабар беришича, нодавлат тиббиёт ташкилотларига берилган ушбу ҳуқуқ муддати узайтирилди.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, нодавлат тиббиёт ташкилотларига шошилинч профилактика ва эпидемияга қарши чоралар кўрилишини талаб қилувчи юқумли касалликлар қаторига киритилган коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқи, истисно тариқасида, 2022 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари билан тузадиган шартномаларига мувофиқ, даволаш ишларини амалга ошириш ва санитария қоидаларига риоя қилиш ҳамда тегишли ҳисоботларни мунтазам топшириб бориш вазифаси юклатилди. Шунингдек, коронавирус инфекцияси билан касалланган шахсларни даволаш ишларини «www.bemor.ssv.uz» дастурида олиб бориш мажбурияти асосида амалга ошириш белгиланди.

«Шуни унутмаслик керакки, нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга хизмат кўрсатиш, коронавирус инфекциясига ПЦР ва экспресс-тест текширувлари ўтказиш фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тегишли талаблар асосида амалга оширилади», дейилади вазирлик хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 9 май куни берган маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида 3682 нафар бемор даволанмоқда. Мамлакатда коронавирусга чалингани расман тан олинганлар сони 94 397 нафарга етди.

Мавзуга оид