09:04 / 11.05.2021
4483

Деҳқонободда мурожаатчи раҳбарни ҳақорат қилди

Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 10 май куни ҳоким Зоир Алиқулов аҳоли учун қабул ўтказиб, мурожаатларини тинглаган.

Ҳоким қабулига келган фуқаролар ишсизлик, нафақа олиш, ер олиш ва бошқа масалаларда мурожаат қилган. 

Хабарда ёзилишича, қабулда Шуҳрат Сафаров бошчилигидаги оила ҳам моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Аввалроқ «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 5 миллион сўм моддий ёрдам пули берилгани, аммо бу оиланинг ишга лаёқатли 5 нафар аъзоси учун «ҳеч нима» бўлмаслигини, «свет» пулини ҳам тўламаганини, қоронғида ўтирганини айтган оила бошлиғи Шуҳрат Сафаров бунда ҳокимни айблаб, уни ҳақорат қилгани айтилмоқда. 

Ахборот хизматининг маълум қилишича, оилага моддий ёрдам берилганидан ташқари, Шуҳрат Сафаровга туманда қурилаётган сув омбори қурилишидан, қизи Шоҳсанам Сафаровага Деҳқонобод калий заводидан касаначилик бўйича ишлар таклиф қилинган. Бироқ оила боши ҳам, оиланинг қизи ҳам таклиф қилинган ишларни рад этган. 

«Мурожаатчига жавобан ҳоким оилага яна қандай ёрдам бериши мумкинлигини сўради. Шуҳрат Сафаров бошчилигидаги оила эса ҳокимни тилга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилиб, қабулдан чиқиб кетди», - дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Отабек Қўлдошев.

Top