Жамият | 17:33 / 18.05.2021
24142
7 дақиқада ўқилади

ТВдаги репортаж бизнес ва расмийларнинг коррупцион ҳамкорлигини кўрсатиб берди — Юлий Юсупов

Таниқли иқтисодчи эксперт, Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази (CED) директори Юлий Юсупов «Ўзбекистон-24» телеканалида намойиш этилган репортажни таҳлил қилди.

«Ўзбекистон-24» коррупция ҳолатларига йўл қўйган айрим мансабдор шахслар ушлангани ҳақида лавҳа намойиш этди: репортажлардан бирида мамлакатимизда бизнесни «соғиш» ва мамлакат иқтисодиётига паразитлик қилишнинг кўп қиррали имкониятлари спектри мавжудлиги дарҳол кўзга ташланади.

1. Тошкент шаҳар Юнусобод туман давлат солиқ инспекцияси катта инспектори маҳаллий МЧЖ таъсисчисидан шу ташкилотда амалга оширилиши режалаштирилаётган камерал текширувда ижобий хулоса берилишини ваъда қилиб, 3,5 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида ушланди. Солиқ текширувларига мораторий эълон қилингани ҳам муҳим эмас. Мораторийлар кимни ва қачон тўхтата олган ўзи? Боз устига, коррупционерларга «риск-таҳлил» ва «камерал текширувлар» каби замонавий сўзлар ёрдамга келаётган бўлса. Улар учун осмондан тушган энг ҳақиқий марҳамат — 10 минг тадбиркорга жўнатилган, улар гўёки сохта битимлар тузгани ҳақидаги «севинч номалари». Битим сохта эканлигини қаердан била қолишди? Бу буюк бир сир. Энди туя эмаслигингизни, битимларингиз сохта эмас, ҳақиқий эканлигини исботлаб кўринг. Бу — коррупционерлар учун ҳақиқий сусамбил.

2. Андижон вилояти Булоқбоши туманида солиқ қарздорлигини йўқ қилиш эвазига 15 млн сўм пора олинаётган чоғда ушланган инспектор (Ўзи қарздорлик бўлмаган, инспектор томонидан ўйлаб топилган). Шаффоф бўлмаган солиқ қонунчилиги ва процедуралари — бюрократия ва коррупция учун чинакам «очил дастурхон».

3. Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида юқори лавозимда ишловчи шахс Чортоқ туманида истиқомат қилувчи хусусий тадбиркорга боғдорчилик билан шуғулланиши учун Янгиқўрғон тумани ҳудудидан 10 гектар ер майдони ажратилиши бўйича туман ҳокимининг қарорини чиқартириб беришни ваъда қилиб, ўзи фаолият юритувчи бошқарманинг маъмурий биноси ёнида 10 минг АҚШ доллари олган. Формал жиҳатдан ер майдони давлат эгалигида туриши белгиланган бўлса-да, аслида аллақачонлар унинг олди-сотдиси мавжуд. Фақат ер сотилишидан тушадиган пуллар бюджетга эмас, ҳокимлар ва бошқа амалдорларнинг чўнтагига бориб тушади. Ерни очиқ танловлар орқали (хусусий мулк ва ижарага) бўлиб бериш ва бюджетни тўлдириш ўрнига биз «негадир» ерни ҳокимларга совға қилганмиз ва уларга «мўмай» даромад орттириш имконини яратганмиз. Қизиқ, нега?

4. Бунисини торт устидаги гилосга қиёслаш мумкин. Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари қурилиш ишлари билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбаридан 2 минг АҚШ долларини хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда ушбу МЧЖга жорий мавсумда Жиззах шаҳридаги ижтимоий соҳа объектларида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказиладиган тендер савдолари орқали объект олиб беришни ваъда қилиб, олаётган пайтда ушланган.

Тендерлар (бюджетдан ёки давлат корхоналаридан пул олиш) ва хусусийлаштиришдаги коррупция — бугунги кунда мамлакатдаги энг катта коррупцион оқим бўлса керак. Чунки бизда ЯИМдаги давлат харажатлари улуши (40 фоиздан кўпроқ) ва ЯИМда давлат корхоналарининг улуши (55 фоиздан кўпроқ) жаҳондаги энг юқори кўрсаткичлардан бири саналади.

Бундан қандай хулосага келиш мумкин? Токи биз амалдорларимизни иқтисодиётдан суғуриб олмас, уларнинг ҳукмронлик ваколатларини чекламас, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартирмас, давлат ислоҳотини ўтказмас эканмиз, Ўзбекистон қашшоқ давлатлигича қолаверади.

P.S. Коррупционерларни стадионларга тўплаб отиб ташлаш тарафдорларига асло қўшилмайман, — деб ўз пости остига шарҳ ёзган Юлий Юсупов ва фикрларини давом эттирган.

Вазиятдан чиқишнинг йўли жазони қатъийлаштиришда эмас, ҳолбуки коррупция учун, албатта, жазо берилиши керак.

Биринчидан, ким жазолайди? Ўша коррупционер-амалдорларнинг ўзи. Бу ҳолда коррупцияга қарши кураш таъсир зонасини бўлиб олиш учун курашга айланиб кетади ( шундай бўлган ва шундай бўляпти ҳам).

Иккинчидан, коррупция миқёсларини чиндан ҳам қисқартиришни фақат ўша озиқланиш базасини қисқартириш эвазига амалга ошириш мумкин, яъни юқорида таъкидланган, амалдорларнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш эвазига.

Сингапурда давлат харажатлари ЯИМнинг 16 фоизини ташкил этади, Хитойда бу кўрсаткич — 22 фоиз, Ўзбекистонда эса 40 фоиздан юқори (агар хусусий секторнинг квазифискал харажатлари қўшилса, 50 фоизга ҳам яқинлашиши мумкин). Сингапурда давлат компанияларининг ФИМдаги улуши 15 фоиз, «коммунистик» Хитойда марказий ҳукумат компаниялар улуши 12 фоиз, формал жиҳатдан бирорта коммунист бўлмаган Ўзбекистонда эса 55 фоиз.

Буларга қўшимча равишда, албатта, давлатни жамият назорати остига олиш керак, фуқаролик жамиятини ривожлантириш лозим, ҳокимиятнинг барча бўғинларини радикал тарзда ислоҳот қилиш керак, айниқса, суд тизимини.

Такрорламаслик учун, аввалги чиқишларим остидаги шарҳлардан парчалар келтираман:

Коррупция ҳақида. Асосий коррупция (миқёслари бўйича 95 фоизни ташкил этади) иқтисодиёт ва бизнесдан ўрин олган...

Энди иқтисодиётдан мисоллар.

1. Ўзбекистонда бир неча йил аввал (йилига миллиардлаб доллар келтирган) энг коррупцион соҳа қайси эди? Валютани тақсимлаш эди. Ҳозир валюта коррупцияси қани? Йўқ бўлиб кетди. Бунга эришиш учун нимага қўл урилди? Валюта тақсимланишини амалдорлардан бозорга олиб бериш. Тамом!

2. Банк коррупцияси. Бир неча йил аввал ҳажми бўйича иккинчи ўринда турар эди. Бугунги кунга келиб-чи? Миқёслар ўнлаб мартага камайган. Бунга қандай эришилди? Ўйин қоидалари ўзгартирилди, банк соҳаси либераллаштирилди.

3. Бугунги кунда энг коррупциоген соҳа қайси? (ЯИМнинг 55 фоизи ишлаб чиқариладиган) Давлат корхоналарини бошқариш, жумладан сунъий монополиялар орқали. Қандай қилиб йўқотса бўлади? Хусусийлаштириш + рақобатни ривожлантириш. Давлат мулкининг бу қадар миқёслари ва рақобат ривожланмагани ҳолатида тузатиш учун бошқа рецепт йўқ.

4. Сўнгги йиллардаги энг шов-шувли коррупцион ишлар: ҳокимлар ер билан олди-сотди қилишмоқда. Қандай қилиб йўқотса бўлади: ерни бўлиш танлов асосида ўтказилиши керак, ер учун тўловлар ҳокимнинг чўнтагига эмас, бюджетга тушади.

Ва ҳ.к. ва ш.к.

Мавзуга оид