Жаҳон | 20:41 / 20.05.2021
8403
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири мамлакатда коронавирус юқтирган бирорта ҳам бемор йўқлигини маълум қилди

Вазирнинг сўзларига кўра, республикада «зотилжамга қайта чалиниш ҳолатлари» қайд этилган.

Фото: Asia-Plus

Тожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазири Жамолиддин Абдуллозода мамлакатда коронавирус яна тарқалаётгани ҳақидаги хабарлар ёлғонлигини айтди.

«ОАВ мамлакат шифохоналарига коронавирус юқтирган беморлар олиб келинаётганини ёзмоқда. Бу ҳақиқатга мос келмайди», – деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, республикада «зотилжамга қайта чалиниш ҳолатлари» қайд этилган.

«Улар шифокорлар кўрсатмаларига амал қилмаслик натижасида зотилжамга чалинган. Уларнинг барчаси ҳаво исиб кетгани учун сув ҳавзаларида чўмилиш оқибатида касалланган. Улар атрофдагиларга хавф туғдирмайди ва касаллик юқтирмайди», – деди Абдуллозода.

Маълумот берилишича, Ўзбекистондан Хўжанд шаҳрига келган Яман фуқаросида коронавирусга тест натижаси мусбат чиққан.

Шу билан бирга, ҳозирда яманлик фуқаро даволанаётган Хўжанд юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Рустам Бўриев унда коронавирус симптомлари йўқлигини ва кузатув остида эканини айтди.

Бўриев, шунингдек, охирги ҳафтада 15 киши юқори ҳарорат билан шифохонага ётқизилганини маълум қилди.

«Аммо уларда COVID эмас, мавсумий зотилжам аниқланди», – деди у.

Мавзуга оид