Маълумки, Ўзбекистон илк маротаба 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолашга йўналтирилган халқаро тадқиқотларда (PISA) иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу баҳолаш дастурининг асосий тадқиқотлари 2022 йилда ташкил қилиниши режалаштирилган.

Ундан аввал эса қоида тариқасида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) талабларига мувофиқ, ҳар бир мамлакатда ташкил этилган Миллий марказлар томонидан тажриба-синов жараёнлари ўтказилади.

Таълим инспекцияси Kun.uz’га тақдим этган маълумотда 22 апрел – 18 май кунлари мамлакатнинг 14 та ҳудудидаги 83 та мактабда ўтказилган тажриба-синов жараёни хулосалари баён қилинган.

Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори, PISA лойиҳаси миллий менежери Абдували Исмоилов ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича тажриба-синов тадқиқотлари ҳақида ўз фикрларини билдирган.

«Мамлакатимизда тажриба-синов жараёнлари Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан белгиланган PISA халқаро стандартларига мувофиқ, Вестат (АҚШ), ETS (АҚШ), ACER (Австралия), Capstan (Бельгия) ташкилотлари билан келишилган ҳолда ташкил этилди.

PISA’да 90га яқин давлатда турли тил, ўқув дастурлари ва методикалари асосида таълим оладиган, турли маданият ва қадрият вакиллари бўлган ўқувчиларнинг билими бир хил мезонда баҳоланади. Буни ташкил қилиш эса осон вазифа эмас. Шунинг учун, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳар бир мамлакатда тадқиқотларни ташкил қилиш учун алоҳида масъул миллий марказ ташкил этиш шартини қўяди.

Тадқиқот материаллари махфий ҳисобланади. Фақат миллий марказларга юборилади ва топшириқлар тегишли давлат тилларига таржима қилинади. Ҳар бир қадамда нима иш амалга оширилиши бўйича стандарт, йўриқнома ва қўлланмалар ишлаб чиқилган.

Тизим шундай қилинганки, агар қайсидир босқичда вазифа чала ёки нотўғри бажарилса, кейинги босқичга ўтказилмайди. Шунинг учун икки йил давомида миллий марказимиз мутахассислари АҚШ, Австрия, Германия, Таиланд ва Афинада бўлиб ўтган халқаро тренинглар, шунингдек, онлайн вебинарларда иштирок этдилар.

Қўлланмаларнинг кўпларини ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларига ҳам таржима қилдик ҳамда халқаро талаб доирасида мослаштирдик.

Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, биргина тест ўтказиш сценарийсида ўқувчилар билан «саломлашиш»дан тортиб, деярли тўрт соатлик тестдан кейин хонани тарк этишгача бўлган ҳаракатлар ёзиб қўйилган. Тест администраторларидан ушбу ёзилган қоидаларга қатъий риоя қилиш талаб этилади. Бу эса бутун дунёда тест жараёнлари бир хил тартибда ташкил этилишини таъминлайди. Масъуллар ўзининг аввалги тажрибасига таяниб, бошқача йўл тутишига йўл қўйилмайди.