Жаҳон | 13:20 / 23.05.2021
3307
7 дақиқада ўқилади

Пулнинг ўзи вакцина борасида глобал адолатни таъминламайди

Фото: pixabay.com

Нью-Йоркда жойлашган «Очиқ жамият» фондининг жамият соғлиғини сақлаш дастури молия бўлими гуруҳи раҳбари Розалинд МакКенна коронавирус вакцинасининг глобал тақсимоти борасида ўз фикрларини баён этди.

Март ойида Жанубий Судан коронавирусга қарши вакцинанинг илк партиясини қабул қилиб олди. Бу Буюк Британия илк вакцина дозаларини олганидан тўрт ой ўтиб рўй берди ва вакциналарнинг глобал тақсимотидаги сезиларли фарқни кўрсатди.

Агар бу муаммолар яқин орада ҳал қилинмаса – халқаро ташкилотлар бошчилигида вакциналарнинг глобал даражада шаффоф ва адолатли тақсим қилиниши – пандемияга қарши кўриладиган ҳар қандай чоралар бесамар кетиши мумкин.

Жанубий Суданга вакцина COVAX дастури бўйича етказиб берилди. Айнан шу дастур коронавирус тести, вакцинаси ва ундан даволаниш бўйича адолатли тақсимотни қилишда авангардлардан бири бўлди. COVAX’нинг уринишларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон банки ва ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар қўллаб туришибди.

Бироқ бой давлатлар захира тўплашга киришиб кетгани боис бу борадаги ишлар ривожи секинлашиб қолди. АҚШда ҳар куни 2,1 миллион киши эмланаётган бўлса, Жанубий Суданда эмлашлар сони атиги 1000тани ташкил этяпти. Умуман олганда, юқори ва ўрта давромадга эга давлатлар шу пайтгача ишлаб чиқарилган 1,2 миллиард вакцинанинг 83 фоизини сотиб олишди.

Амалда экспортга қўйилган тақиқлар, захира тўплаш ва таъминот борасидаги етишмовчиликларнинг ҳаммасини бир қилиб олсак, COVAX AstraZeneca’нинг етказиб берилиши режаланган вакциналарининг бешдан биринигина етказиб бера олган бўлиб чиқади. Бундай темпда кетилса, бой давлатлар аҳолисини тўлиқ эмлаб бўлганда камбағал давлатлар вакцинацияни эндигина бошлаётган бўлади.

Жараённи тезлаштириш учун халқаро тараққиёт банклари камбағал давлатларга вакцина, тест ва дори-дармон сотиб олиши ва тарқатиши учун маблағ ажратиб келяпти. Жаҳон банкининг ўзи 12 миллиард доллар ажратишни ваъда қилган. Лекин унинг ажратиш шартлари хавфни оширяпти, бундан ташқари, ажратилган маблағ назорати суст бўлиши эҳтимоли борлиги ҳам ҳисобга олинса, вазият анча мураккаб.

Биринчидан, Жаҳон банки вакцина етиб бориши учун ўз ваколатларидан қандай фойдаланиши борасида тушунтириш бергани йўқ. Johnson & Johnson каби фармкомпаниялар ўз вакциналарини нотижорий асосда тақдим қилишдан бош тортганидан сўнг бу масалага аралашиш вазият тақозоси бўлиб қолди. АҚШнинг уч йирик фармкомпанияси Pfizer, Moderna ва Johnson & Johnson компаниялари сармоядорларига яқин келажакда вакциналар нархини ошириш борасидаги режаларини маълум қилишди. Шундай қилиб, вакцина сотиб олиш ва тарқатилишига ажратиладиган 12 миллиард доллар маблағ қай тарзда сарфланиши мавҳумлигича қолмоқда. Шунингдек, Жаҳон банкининг фармкомпанияларни вакцина ишлаб чиқариш технологияси ва ноу-ҳауларни баҳам кўришга ундаш йўлидаги қадамлари ҳам ҳали аниқ эмас.

Ундан ташқари, Жаҳон банки ҳалигача ўз харажатларининг шаффофлигини таъминлашга уринаётганини ёки давлатлар томонидан вакциналар аҳолининг приоритетли гуруҳларига етиб боришини таъминлашни тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. Жаҳон банкига ёмон ишлаб чиқилган дастурлар ва вакциналарнинг нотўғри тарқатилиши мисли кўрилмаган харажатлар ва адолатсиз натижаларга олиб келиши яхши маълум. Шу йилнинг январида Ливанда Жаҳон банки молиялаштирган илк вакцина хариди сиёсатчилар тиббиёт ходимлари каби юқори приоритетли аҳоли қатламидан фарқли ўлароқ навбатсиз эмланишни бошлаганидан сўнг тўхтатилди.

Шаффофлик бу каби қилмишларнинг олдини олиш учун жуда ҳам муҳим, лекин Жаҳон банки воқеаларнинг мана бундай ривожига тайёр турса ҳам бўлаверади: яқинда Эфиопияда шу каби лойиҳа тасдиқланди ва унда навбатни бузиш олдиндан маълум риск эди. Банк, шунингдек, вакцинага нисбатан иккиланиш ва шубҳалар кучли бўлган Тунисда ҳам лойиҳа тасдиқланди. Буларнинг бари дастур самарадорлигига путур етказади.  

Бу лойиҳалар тезлик билан ишлаб чиқилмоқда. Бироқ кўпинча Жаҳон банкининг Вашингтондаги бош офисида лойиҳалаштириладими, маблағ қидираётган давлатлардами – вакцинация дастурлари асосий манфаатдор томонлар иштирокисиз амалга оширилмоқда. Агар риск гуруҳидагилар вакцинация дастури, уни ишлаб чиқиш ва мониторинг қилишдан четда қоладиган бўлса, уларнинг эмланмаслик эҳтимоли юқори бўлади.

Бу гуруҳларга қочоқлар, маҳбуслар ҳамда харобалар ва бошқа қийин шароитларда яшовчи аҳолининг бошқа қатламлари киради. Масалан, Грецияда 70 мингдан ортиқ қочқинлар миллий вакцинация дастуридан четда қолди.

Мьянмадаги роҳингя ва Ҳиндистоннинг далитлари (каста тизимидаги энг қуйи гуруҳ) каби таъқибдаги камчиликлар ҳам эътибордан четда қолиш эҳтимоли жуда юқори. Сурия каби тўқнашувлар бор ҳудудлар эса муаммо туғдириши аниқ – ҳукумат бундай ҳудудлардаги одамларни умуман писанд қилмаслиги ҳам мумкин.

Мамлакатлар ичидаги вакцинация дастурлари кам ҳимояланган гуруҳларни муҳофаза қилишни қамраб олиши даркор. Шундагина Жаҳон банки ўз лойиҳаларини амалга оширишда дискриминацияни бартараф этиш ричагларини қўллаган бўлади. Вакцинани молиялаштиришнинг исталган кўриниши унинг адолатли ва хавфсиз тақсимотига боғлиқ бўлиши шарт. Ундан ташқари, банк бошқаруви таъкидлаганидек, бу лойиҳалар устидан назорат ва мониторинг бўлиши керак.  

Буларнинг барчаси амалга ошиши учун Жаҳон банки маргиналлашган гуруҳлар билан бевосита ҳамкорлик қилиши керак. Уларнинг нуқтайи назари ваъда қилинган маблағни сарфлаш учун оптимал йўл топишда ҳамда ресурсларни мақсадсиз сарфлаш ва вакцина дозаларини нотўғри йўл билан тақсимлашга қарши кураш орқали жавобгарликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Вакцинани глобал даражада тарқатиш миссияси «камбағалликка узил-кесил барҳам бериш ва умумий фаровонликка ҳисса қўшиш» бўлган ташкилот учун машаққатли синов бўляпти. Яхшиямки, Жаҳон банки бунинг уддасидан чиқади деб умид қилишга асослар бор. Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасс алоҳида белгиси вакцинага етишиш ҳаммага тенг бўлмаган коронавирус инқирозини «тенгсизлик пандемияси» деб атади.

Бироқ муаммони ечиш учун пулни шунчаки совуриш ҳам ярамайди. Буни шаффоф, кенг қамровли ва пухта ўйланган стратегия ёрдамида, кам муҳофазаланган гуруҳлар манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда ҳамда уларга нимадир нотўғри кетганда бонг уриш имконини берган тарзда амалга ошириш керак. Ана шундагина сарфланган пуллар бекор бўлмайди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид