Самарқандлик Зафар Абдураҳимов 39 ёшда, икки фарзанднинг отаси. Қўйлиқ деҳқон бозорида қарийб 15 йилдан буён аравакашлик қилиб, бир неча ўн минглаб инсонларнинг ҳожатини чиқармоқда. Тақдир тақозоси билан бир қўлидан айрилгач ҳам тушкунликка тушмади. Ўрнидан туриб, курашда давом этди. Ҳозир ҳам қора қозонни қайнатиш учун оиласидан узоқда меҳнат қиляпти. Қаҳрамонимизнинг ҳаёт ҳикоясини ўзидан эшитамиз.

«Бир қўлимни Москвада йўқотдим...»

Самарқанд вилояти, Тойлоқ туманиданман. Ёшим 39да, оилалиман, икки қизим бор. Қўйлиқ бозорида аравакашман. 13 йилдан бери шу ишни қиламан. Москвадаги мебел заводида ишлаётган вақтим бир қўлимдан айрилганман. Бундан олдин ўзим яшайдиган жойда мардикорлик қилиб юрдим. Ёшим етганидан кейин Россияда бир йил ишладим, унча ўхшамади. Асосан қурилишда ишладим. Қайтиб келганимда уйланиш вақти келиб қолганди, кўп жўраларим уйланган экан. Уйланишга пул тўплаш учун яна Россия томон чиқиб кетдим.

Москвада ўзим таниш-билиш орттирдим, турли жойларда ишладим. Мебел заводига ишга жойлашдим. У ерда 5-6 ой яхши ишладим. Одатий иш кунларининг бирида ёғоч қирқадиган ускуна олдида ишлаётганимда эҳтиётсизлик туфайли қўлимдан айрилиб қолдим. Москвада даволанишимга завод раҳбарияти қарашиб турди. Сўнг Самарқандга қайтиб келдим. Бу ердаям даволандим.

Ўша кунни эслагим келмайди. Бу воқеа бўлганига 15 йил бўлди, 23 ёшда эдим. Воқеа содир бўлгандан кейин уйдагиларга хабар бердим. Фақат опам ва акам биларди, онамга айтмагандим. Қайтиб келганимдан кейин билган. Фарзандининг бунақа аҳволдалигини кўриш ҳар бир она учун жуда оғир. Она-да барибир.

«Бир қўлим билан бошқа иш қилолмасдим»

Қўлимдан айрилиб, уйга қайтганимдан кейин анча вақт бекор қолиб кетдим. Самарқандда мен қила оладиган иш бўлмагач, Тошкентга келдим. Бир одам мени аравада нон ташишга олиб кетди. Бозорга кириб-чиқиб юрганда аравакашлардан иш ҳақида сўраб юрардим. Кейин таваккал қилиб, Қўйлиқда аравакашлик қиламан, дедим. Чунки ортга йўл йўқ эди. Бир қўлим билан бошқа иш қилолмасдим. Одатда саҳар соат 03:00 да иш бошланади. Кечаси соат 22:00 гача ишлаган вақтларим ҳам бўлади. Орада 2-3 соат дам олиб, арава устида бироз мизғиб оламиз.

Баъзида эрталаб соат 6-7 ларда чиқиб кетишим мумкин. Тонг саҳардан иш бошлашимизга сабаб эрталабдан бозорга савдогарлар ўз маҳсулотларини олиб келишади. Бозор ичига нарсаларини олиб кириш учун аравакаш ёллашади. Соат 07:00 гача савдогарларларнинг маҳсулотларини расталаргача олиб борамиз. Ишончли савдогар-мижозларимиз бор. Ўз вақтида ҳақимизни беришади.