Жамият | 21:07 / 25.05.2021
13570
5 дақиқада ўқилади

«Маҳалла раиси ҳужжатларни қайтариши мумкин эмас» — Вазирлик ёрдам пули тайинлашдаги коррупция ҳолатлари бўйича изоҳ берди

Ўзбекистонда бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш «Кам таъминланган оилаларга «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик низом асосида амалга оширилади. 

Гарчи низомда кўрсатилган ёрдамларни олиш тартиби қонун билан белгилаб қўйилган бўлса-да, у жойларда тўла ишлаяпти, деб бўлмайди.

Жумладан, таҳририятимизга етиб келган қатор мурожаатларда фуқаролар ижтимоий ёрдамлар олиш масаласи ҳамон инсон омили, хусусан, маҳалла раиси ва бошқа мутасаддиларнинг шахсий танловига боғлиқ бўлиб қолаётганини билдирган. Бу борада маҳалла раисларининг танлов учун коррупция, таниш-билишчилик ва тамагирликка йўл қўяётгани, фуқароларни ўз шахсий иши, пахта терими ёки турли ободонлаштириш тадбирларида қатнашишга мажбурлаётгани ҳам баён қилинган.

Kun.uz мухбири шу каби ҳолатлар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати мутахассисларидан изоҳ сўради.

Саодат Боймирзаева, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:

— Бу жараёнда инсон омилини йўқотиш борасида ишланяпти. Вазирлик ижтимоий тармоқларда ёритилган ёки вазирликнинг текширувлари асосида аниқланган ҳар бир ҳолат бўйича ўрганишлар олиб боради. Айбдорларга чора кўряпти.

Бу жараён ҳамиша оғриқли масала бўлиб келган. Авваллари жараён Вазирлар Маҳкамасининг 44-сонли қарори билан тартибга солинарди. Ўтган йилдан бошлаб шу жараёнда инсон омили иштирок этмаслиги билан боғлиқ амалиёт Сирдарё вилоятида тажриба қилина бошлади. Бу тажриба ўзини оқлади. Эндиликда тажриба бутун республикага жорий қилиняпти.

Унга кўра, эндиликда бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш жараёнида маҳалла раиси ёки маҳалладан бошқа киши иштирок этмайди. Уларда биргина вазифа бор, фуқароларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, ҳужжатда камчиликлар бор йўқлигини текшириб бериш ва 3 кун муддатда туман (шаҳар) пенсия жамғармасига етказишдан иборат.

Биз мурожаатларнинг барчасини манзилли ўрганиб, чорасини кўрамиз.

Фарҳод Эшмўминов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати бош мутахассиси:

— Фуқароларимиз яхши билиши керак, янги тартиб бўйича маҳалла раислари фақатгина тақдим этилган ҳужжатларни кўриб, камчилиги бўлса, тўлдиришга тавсия қилади ва туман (шаҳар) пенсия жамғармасига етказади. Уларда тақдим этилган ҳужжатларни қайтариб юбориш ваколати йўқ.

Бу жараёнда қандайдир талаб, шартлар қўйиш, пул талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Одамларимиз шу турдаги ёрдамларни сўраб, маҳалла идорасига мурожаат қилар экан, бу қоидаларни яхши билишлари керак.

Бундан кейинги барча жараёнлар туман (шаҳар) пенсия жамғармаси ваколатида. Уни кимга тайинлаш ёки тайинламасликни ҳам пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимлари ҳал қилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар нафақалар ва моддий ёрдам тайинлашни сўраб, ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Ариза фуқаронинг доимий ёки вақтинчалик яшаш жойи (прописка жойи) бўйича берилади ва аризага қуйидагилар илова қилинади: 

  • паспорт нусхаси;
  • никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома;
  • бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.

Вақтинчалик низомнинг 7-бандига мувофиқ, юқоридаги нафақалар ва моддий ёрдам оиланинг ҳар бир аъзосига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ўртача ойлик 0,527 баравари миқдори (358 007 сўм)дан ортиқ бўлмаган миқдорда тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромадга эга бўлган оилаларга тайинланади.

Қуйидаги ҳолларда тегишли ижтимоий нафақани ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромаднинг вақтинчалик низом 7-бандида белгиланган мезонлардан ортиқлиги;

б) ариза берувчида ёки унинг оила аъзоларида кўчмас мулк мавжудлиги (ариза берувчининг прописка қилинган жойида жойлашган кўчмас мулк бундан мустасно);

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида икки ва ундан ортиқ автотранспорт мавжудлиги;

г) аризада тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқатга номувофиқлиги аниқланиши;

д) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва меҳнат бўйича органларда ҳисобда турмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжудлиги сабабли рад этилади.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид