Ўзбекистон | 20:05 / 25.05.2021
23336
6 дақиқада ўқилади

Президент қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлигида янги бошқарув тизими жорий этилмоқда

Қарорда соғлиқни сақлаш тизимида давлат бошқарувини такомиллаштириш, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгиланган.

Президент Шавкат Мирзиёев «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини имзолади.

Ҳужжат қабул қилинишидан мақсад соғлиқни сақлаш тизимида давлат бошқарувини такомиллаштириш, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, cоҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақобат ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг асосий фаолият йўналишлари белгилани, қуйидаги янги бошқарув тизими жорий этилган.

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев:

  • вазирлик тизими ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, улар ишини самарали ташкил этишини таъминлайди, юклатилган вазифалар ва функциялар тўлиқ бажарилиши учун шахсан жавоб беради, мазкур ташкилотлар билан боғлиқ масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;
  • шошилинч тиббий ёрдам, республика тиббиёт (республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларидан ташқари) ҳамда тиббий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этади, раҳбарлари фаолиятини баҳолайди, лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади, улар учун жиҳоз, дори ва тиббиёт воситалари сотиб олиш бўйича тендерлар ўтказиш ваколатларини, тизимда коррупциянинг олдини олишга қаратилган барча чора-тадбирларни амалга оширади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов:

  • оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиника ва шифохонасида (кейинги ўринларда – бирламчи тиббий-санитария муассасалари) тиббий хизматларни кўрсатишга ва сифатига, уларни жиҳозлашга ҳамда тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини оширишга шахсан масъул ҳисобланади;
  • бирламчи тиббий-санитария муассасаларида штатлар нормативи, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларига малака талаблари, жиҳозлаш стандартларини ҳамда даволаш протоколларини тасдиқлайди, шартномаларни имзолайди, улар раҳбарлари фаолиятини баҳолайди, номзодларни беради, лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритади, ушбу муассасалар учун жиҳоз, дори ва тиббиёт воситалари сотиб олиш бўйича тендерлар ўтказиш ваколатларини амалга оширади, ушбу муассасалар фаолиятига оид қарорлар қабул қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Абдулла Азизов:

  • тиббиёт соҳасида рақамлаштириш, молиялаштириш, давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш ва ривожлантиришга шахсан масъул ҳисобланади ҳамда мазкур масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;
  • юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун тендерлар ўтказади, шартномалар имзолайди, рақамлаштириш, молиялаштириш, давлат-хусусий шериклик масалалари бўйича давлат тиббиёт муассасалари раҳбарларига номзодларни беради, лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритади, халқаро молия ташкилотлари билан ишлаш масалалари бўйича мустақил қарорлар қабул қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Улуғбек Собиров:

  • республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари (кейинги ўринларда – республика ихтисослаштирилган марказлари) ва кўп тармоқли вилоят шифохоналарини ислоҳ қилиш, уларни бирламчи тиббий-санитария муассасалари билан боғлаш ҳамда жойларда ишлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича шахсан масъул ҳисобланади;
  • республика ихтисослаштирилган марказлари ва уларнинг филиаллари раҳбарларига номзодларни бериш, раҳбарларни лавозимга тайинлаш
  • ва лавозимидан озод этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритиш, уларни жиҳозлаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш, тендерлар ўтказиш ва шартномалар тузиш, ушбу марказларга бюджет маблағлари ва бепул даволанишга ордерларни тақсимлаш, шунингдек, даволаш протоколларини тасдиқлаш ваколатларини амалга оширади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмир Боситхонова:

  • оналар ва болаларни хавф гуруҳларига ажратиб, улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга шахсан масъул ҳисобланади;
  • оналик ва болалик масалаларида халқаро ташкилотлар грантларини жалб қилиш, маблағларни тақсимлаш, маҳаллий ижро этувчи органлар, маҳалла, ёшлар, спорт ва таълим соҳаларидаги давлат органларининг соғлом турмуш тарзи бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ваколатини амалга оширади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда мазкур бандда кўрсатилган асосий йўналишлар ҳамда жорий этилаётган янги бошқарув тизимидан келиб чиқиб:

  • соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарларининг аниқ вазифалари ва функциялари тақсимотини;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда ҳудудий соғлиқни сақлаш органларининг аниқ вазифалари ва функциялари тақсимотини тасдиқлайди;
  • вазирлик марказий аппаратида инвестициядан кейинги даврни мониторинг қилиш учун амалдаги штатлар сони доирасида масъул бўлган таркибий бўлинма ташкил этади.

Қарор билан давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда барча соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини баҳолаш рейтинги жорий этилади. 

Рейтинг натижалари эса ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилади.

Шунингдек, ушбу қарорда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда илғор хорижий тажриба асосида тиббиёт соҳасида бошқарув бўйича икки ҳафталик ўқув курслари ташкил этиш белгиланди.

Ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар эса Тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Қолаверса, мазкур ҳужжатга кўра, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан биргаликда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, бирламчи бўғинда тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати тасдиқланиб, барча ҳудудларда амалиётга киритилади.

Мавзуга оид