Ўзбекистон | 16:34 / 26.05.2021
19467
4 дақиқада ўқилади

«Ҳа, ишга олдим, маоши кам» – Хоразмда мактаб директори депутат хотинини «дворник» қилиб ишга олди

Директорнинг айтишича, аёли Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш туман бўлимида ишлаб, 915 минг сўм маош олади. Ойлиги кам бўлгани учун мактабга ҳовли супирувчи қилиб ишга олинган ва 339 минг сўм маош тайинлаган.

Фото: KUN.UZ

Хоразм вилояти, Янгибозор туманидаги 2-сон умумтаълим мактаби директори Даврон Раҳимов депутат хотинини «дворник» қилиб ишга олган. Хўш, бу қанчалик қонуний иш? Қуйида шу борада мулоҳаза юритамиз.

Даврон Раҳимов 2017 йил август ойидан буён Янгибозор туманидаги 2- мактабда директор бўлиб ишлайди. 2020 йил сентябр ойида у турмуш ўртоғи Хосият Ҳасановани «дворник» (ҳовли тозалигига қаровчи ходим) сифатида ярим ставка ишга олган. Бу ходимга ярим ставка учун 339 минг сўм маош тўланиши белгилаб қўйилган.

Қизиғи, Хосият Ҳасанова Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлимида етакчи мутахассис сифатида ишлаб келмоқда. У 2019 йил декабр ойида Халқ депутатлари туман кенгашига депутат сифатида сайланган ҳам. Халқ депутати ва етакчи мутахассиснинг «дворник» бўлиб ишлаши, шунингдек, яқин қариндошини (хотинини) ишга олиши бўйича изоҳ сўраб, мактаб директори Даврон Раҳимовга мурожаат қилдик. У эса депутат хотинини ишга олганини тасдиқлади ва бунга сабаб турмуш ўртоғининг кам маош олиши эканини айтди.

«Ҳа, 2020 йил сентябр ойида турмуш ўртоғим Хосият Ҳасановани «дворник» сифатида ярим ставка ишга олдим. Мактаб ҳовлисини супуриш билан шуғулланди. Иш ҳақини ўзи олди, ведомостларга ўзи қўл қўйди. Атиги 3 ой ишлади. Нима учун? Ойлиги жуда кам. Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш туман бўлимида 915 минг сўм маош олади. Депутат сифатида ойлик олмайди», деб жавоб берди директор.

Хосият Ҳасановадан ҳолат бўйича изоҳ олишнинг имкони бўлмади. У билан боғланганимизда, мурожаат мазмунини эшитгач, алоқани узди. Кейинчалик қўнғироқларга жавоб бермади.

Мактаб директори яқин қариндошини ишга олишига қонун нима дейди?

Бу ҳолатда мумкин ва мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Меҳнат кодексининг 79-моддасига кўра ўзаро яқин қариндошлар (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади.

Бироқ, ушбу моддада назарда тутилган қариндош-уруғларнинг барча ўқув ва тарбия муассасаларида бирга хизмат қилишларини чеклаш қоидаларидан истисно этилиши мумкин бўлган ходимлар ҳам бор. Булар: педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиографлар ва кутубхоначилар. Уларнинг орасида «дворник» йўқ. Яъни, мактаб директори яқин қариндошларини фақат педагог ходим, ўқитувчи, библиограф ёки кутубхоначи сифатида ишга олишга ҳақли.

Шу ўринда яна бир қизиқ маълумот: 2-мактаб директори Даврон Раҳимовга 2021 йил 6 май куни Хоразм вилояти Халқ таълими бўлими томонидан иш фаолиятида йўл қўйган бир қанча камчиликлари учун интизомий жазо қўлланган. Жумладан, март ойида ишдан бўшатилган ходимга апрел ойида ҳам иш ҳақи ёзилгани учун директор ойлик маошининг 30 фоизи миқдорида жаримага тортилган.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид