Жаҳон | 08:50 / 27.05.2021
7163
2 дақиқада ўқилади

Жефф Безос Amazon’ни компания ташкил қилинган кун тарк этишини маълум қилди 

Бу 5 июлда юз беради. 1994 йил ушбу кун Amazon компанияси расман ташкил этилган. Жефф Безос бош директор лавозимини тарк этгач, директорлар кенгаши раиси курсисини эгаллайди ва ўз эътиборини янги маҳсулотлар яратишга қаратади.

Amazon асосчиси ва бош директори Жефф Безос компания ташкил этилган кун – 5 июлда ўз лавозимини тарк этмоқчи. У бу ҳақда компания акциядорлари йиғилишида маълум қилган.

«Биз ушбу санани мен учун аҳамиятли бўлгани сабаб танладик. Роппа-роса 27 йил аввал, 1994 йил шу кун Amazon таъсис этилганди», деб айтган Безос йиғилишда.

Дунёнинг энг бой одами ўз лавозимини тарк этиши жорий йил феврал ойида маълум бўлганди. Компания бош директори лавозимини Amazon Web Services раҳбари Энди Ясси эгаллайди.

«Энди компанияда яхши таниш ва унда мен неча йил ишлаётган бўлсам, деярли шунча йилдан бери ишлаб келмоқда. У ажойиб етакчи бўлади ва мен унга тўлиқ ишонаман», деб айтган Безос февралда.

Безос истеъфога кетгандан кейин компания директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллайди ва ўз эътиборини янги маҳсулотлар яратишга қаратмоқчи.

Amazon раҳбари компаниянинг муҳим лойиҳаларида иштирокини давом эттирса-да, вақтининг бир қисмини ўзининг Bezos Earth Fund ва Amazon Day 1 Fund жамғармаларига, Blue Origin аэрокосмик компанияси ва The Washington Post нашрига қаратишни режалаштирмоқда.

Безос Amazon раҳбари лавозимини компания ташкил этилган кундан бошлаб эгаллаб келмоқда. Унинг ўрнини эгаллайдиган Энди Ясси эса компанияга 1997 йилда қўшилган ва ўшандан бери Amazon Web Services’га раҳбарлик қилиб келади.

Безос Bloomberg Billionaires Index рейтингига кўра, ҳозирда 189 млрд доллар бойлик билан дунёнинг энг бой одами ҳисобланади.

Мавзуга оид