Сўнгги ўн кун давомида ижтимоий тармоқлар Андижон туманида 6 нафар эркак дала шийпонида беш ой аввал турмушга чиққан аёлнинг номусига теккани ҳақидаги хабарлар билан тўлиб-тошди.

Таъкидлаш лозим, аксарият интервьюлар жабрлангани айтилаётган аёл ва унинг қариндошларидан олинган.

Kun.uz мухбири Андижон тумани Қорақалпоқ қишлоғига бориб, гумондор эркакларнинг беш нафари билан суҳбатлашди.

Мазкур воқеада гумонланувчи эркакларнинг сони асли 7 нафар бўлиб, улардан икки нафари – Абубакир Сатимов ва Омадбек Мелибоевлар айни пайтда транспорт воситасини маст ҳолатда бошқаргани учун 15 суткалик маъмурий жазони ўташмоқда.

Биз қолган беш гумонланувчи билан суҳбатда бўлдик. Дастлаб Музаффар Солиев вазият бўйича изоҳ берди.

«Атрофда кира қиладиган шофёрлар билан 13 май куни «гап»имиз бор эди. Еб-ичиб ўтириб, чўмилиш мақсадида Қорадарёга тушдик. Бизнинг айбимиз – ўшаларнинг шийпони олдидан ўтиб кетганимиз бўлди. У ерга тўхтаганимиз ҳам йўқ. У қизни кўрганимиз ҳам йўқ. Уларни таниганимиз ҳам йўқ умуман. Тўғри ўтиб кетиб, улар айтаётган жойдан 1-1,5 километр узоқликда ўтирганмиз.

Шу ерда ўтириб, еб-ичиб, яна чиройли бўлиб қайтиб ўтиб кетдик ўша жойдан. У ерда биров билан учрашганимиз ҳам йўқ. Буни ўша ердаги қўй фермаси эгаси Шурик ака тасдиқлайди, гувоҳлик ҳам беради. Ўша ерда ёнимизда ўтирган, чўмилгани тушган беш-олтита йигитлар ҳам бор эди.

Биз сув бўйида ўтирдик. Озгинадан ароқ ичдик. Бизни «зўрлади» деяпти. Ўта катта айблов бу. Тўғри, айбимиз ичганимизда, лекин одам ичиб олиб ҳам у ишни қилмайди-да. Ақлга сиғмайдиган ишлар бўляпти бу ерда. Мен халқнинг олдида ҳам айтаман, Аллоҳнинг олдида ҳам айтаман, юзим ёруғ, Аллоҳга шукр», – дейди у.

Яна бир гумонланувчи Асилбек Мирзаабдуллаев умуман айбдор эмаслиги, ўша куни шериклари билан «нотўғри вақтда нотўғри жойда бўлиб қолишгани»ни айтади.