18:04 / 28.05.2021
5032

Тимур Ишметов 2020 йилги давлат бюджети дефицити қандай қопланганини айтди

Молия вазирига кўра, ўтган йили давлат бюджетига 12,8 трлн сўм кам даромад тушган ва камомадни бир неча чоралар билан қоплашга тўғри келган.

Молия вазири Тимур Ишметов 2020 йилда иқтисодий фаолликнинг камайиши ҳисобига давлат бюджетига айрим солиқ турларидан 12,8 трлн сўм кам даромад тушгани ва камомад қандай қоплангани ҳақида гапирди.

«Йил бошидаги прогнозга нисбатан қўшилган қиймат солиғидан 13 трлн сўм кам маблағ тушди ва прогноз 70,5 фоизга ижро этилди. Айланмадан олинадиган солиқлар бўйича 1,1 трлн сўм ёки 55 фоизга, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан 927 млрд сўм ёки прогнозга нисбатан 94 фоизга ҳамда мол-мулк солиғидан 395 млрд сўм ёки 83 фоизга кам тушумлар шаклланди. Бунинг натижасида, ҳисобот йили тугамасдан прогнозлар қайта кўриб чиқилди.

Ҳукумат томонидан кўрилган тезкор чоралар, шунингдек, бюджетимиз учун фойдали бўлган бошқа омиллар туфайли юқорида таъкидланган йўқотишлар ортиғи билан қопланди.

Жумладан, олтин нархининг йил бошидаги прогноз (1 минг 350 АҚШ доллари) миқдоридан (йиллик ўртача 1 минг 768 АҚШ доллари) баланд бўлиши ҳисобига 9,3 трлн сўм қўшимча даромад шакллантиришга эришилди.

Марказий банкнинг 2,8 трлн сўм фойдаси (2019 йилда 133 млрд сўм) ҳамда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларидаги 385,3 млрд сўм қолдиқ маблағларининг бюджетга йўналтирилиши (ВМ нинг 232-сонли қарорига асосан) ҳам йўқотишларнинг бир қисмини қоплашга ёрдам берди.

Бундан ташқари, 2020 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун талабларини бажариш борасида ҳукуматнинг жиддий ёндашуви ҳисобига 1,1 трлн сўмлик (2019 йилда 235 млрд сўм) давлат улушига ҳисобланган дивидендлар ва давлат корхоналарининг соф фойдаси бюджетга қўшимча даромад сифатида йўналтирилди (олтин ва мис қазиб чиқарувчи тармоқ корхоналаридан ташқари)», деди вазир Сенат йиғилишидаги ҳисоботида.

Молия вазирлиги раҳбарининг айтишича, ўтган йили давлат бюджети даромадлари 132,9 трлн сўмни ташкил этган. Мазкур маблағларнинг 77,9 фоизи солиқ тушумларидан, 18,6 фоизи божхона ва 3,5 фоизи бошқа тушумлардан шакллантирилган. Бюджети харажатлари эса 144,1 трлн сўм бўлган.  

«Харажатлар ошишига бюджетдан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси орқали 12,8 трлн сўм қўшимча харажат амалга оширилиши сабаб бўлди.

Ўтган йили бюджет ташкилотларинг 46,1 трлн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 9,6 трлн сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалар тўлиқ молиялаштирилди.

Ижтимоий соҳа харажатлари учун давлат бюджетидан 74 трлн сўм, яъни умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.

Шундан таълим соҳасига қарийб 30 трлн сўм, соғлиқни сақлаш харажатлари 19,4 трлн сўмни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 20,5 фоизга ўсди.

Маданият ва спорт соҳасига 2,3 трлн сўм ажратилди. Иқтисодиёт харажатларига 16,7 трлн сўм маблағ сарфланди. Инвестицияларга давлат бюджетидан 18,8 трлн сўм маблағ берилди», деди Тимур Ишметов.

Top