ХВЖ раҳбари президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметовнинг Ўзбекистон учун 3та муҳим йўналиш ҳақидаги саволига жавоб бераркан, тадбиркорларга кўпроқ имконият бериш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш кераклигини айтди. “Финиш чизиғига яқинлашиш вақти келган”, – деди у.
Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева 7 июн куни Ўзбекистон Марказий банкида талабалар билан учрашди. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов иштирокида ўтган учрашувга президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметов модераторлик қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда Тимур Ишметов ХВЖ раҳбарига ислоҳотларнинг йўналишлари ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.
“Сиз биринчи ўринда кучли ислоҳотларни давом эттириш муҳим эканини айтдингиз. Биз Халқаро валюта жамғармаси билан мулоқот қилганимизда жуда кўп бора ислоҳотлар изидан бориш устувор вазифа экани таъкидланади, биз бунинг аҳамиятини ҳам сизлардан, ҳам ўз хатоларимиздан ўрганмоқдамиз. Ҳозирга келиб шуни тушуниб етдикки, ислоҳотларнинг барини бирданига эмас, балки босқичма-босқич, муайян даврларга бўлиб амалга ошириш керак экан. Шундан келиб чиқиб, иккинчи саволимни сўрамоқчиман: ўтган йиллар давомида Ўзбекистон кўзга кўринадиган муваффақиятларга эришди. Бундан кейинги даврда ислоҳотларни давом эттириш ва ютуқларга эришиш учун сизнингча қайси учта йўналишга эътибор қаратишимиз лозим?” – дея сўради Ишметов.

Кристалина Георгиева бунга жавобан тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш кераклигини айтди.
“Иқтисодиётда давлатнинг роли ҳамон салмоқли. Мен давлат бу борада батамом четга чиқсин демайман, аммо шундай соҳалар борки, уларда давлатдан кўра тадбиркорлар яхшироқ имкониятга эга, уларга давлат эгалик қилиши бу соҳалардан тадбиркорларнинг орқага чекинишига сабаб бўляпти. Ишонаманки, бу ерда ўтирганлар орасида ҳам бундай имкониятдан унумли фойдалана оладиганлар етарлича”, – деди у.
ХВЖ раҳбари иккинчи йўналиш ЖСТга аъзоликни тезлаштириш эканини айтди.
“Иккинчидан, сизлар ҳозирда Жаҳон савдо ташкилоти аъзосига айланишга астойдил киришгансиз. Бу Ўзбекистон учун ҳақиқатан ҳам жуда муҳим. Чунки сиз жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувни хоҳлайсиз. Рақобатбардош муҳитда бўлиш сиз учун ниҳоятда фойдали бўлади. Менимча, финиш чизиғига яқинлашиш пайти келган”, – деди у.















