Жаҳон | 22:47 / 29.05.2021
12087
2 дақиқада ўқилади

Беларусларни Европадан олиб келиш, 500 млн долларлик кредит. Путин ва Лукашенко учрашуви якунлари маълум қилинди

Песковнинг сўзларига кўра, Путин Лукашенко билан суҳбат чоғида Беларусда Nexta Telegram-канали бош муҳаррири Роман Протасевич билан бирга қўлга олинган россиялик София Сапега масаласини кўтарди.

Фото: ТАСС

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин ва Александр Лукашенконинг Сочида ўтказган музокаралари тафсилоти ҳақида маълумот берди.

Песковнинг сўзларига кўра, президентлар Минскка давлат кредитининг иккинчи ўтказмаси масаласини келишиб олган. Минск июн охирига қадар Москвадан 500 млн доллар олади.

2020 йил декабрда Россия ва Беларусь Минск икки марта 500 млн доллардан маблағ олишига келишганди. Беларусь молия вазирлиги 30 декабрда биринчи ўтказма олинганини билдирган.

Путин Лукашенко билан суҳбат чоғида Беларусда Nexta Telegram-канали бош муҳаррири Роман Протасевич билан бирга қўлга олинган россиялик София Сапега масаласини кўтарди, деди Песков. Унинг сўзларига кўра, Россия ташқи ишлар вазирлигига «унинг тақдирини кузатиб бориш» топшириғи берилган. Песков Лукашенко бу масалада нима деганини маълум қилмади.

Песковнинг қўшимча қилишича, Путин ва Лукашенко учрашуви якунларига кўра, Россия ва Беларусь транспорт вазирликларига «таътиллар бошланиши ва беларусларни Европадан қайтариб олиб келишни ҳисобга олган ҳолда ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш» вазифаси топширилган.

Лукашенко Путинни Ryanair самолёти билан боғлиқ вазият бўйича «батафсил» хабардор қилди, деди Песков.

Россия ва Беларусь президентлари йил бошидан буён учинчи марта учрашди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид