37 ёшли Аъзамжон Немадалиев Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. 2005 йилда Тошкент ислом университетини, 2007 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини, 2016 йилда University Putra Malaysia университетини битирган.
Малайзиядаги фаолият
— 2007 йили Putra Malaysia университетидан тадқиқот лойиҳасида қатнашиб, ўша ерда ишлаш таклифи тушди. У ерга 2007 йил охирларида йўл олдим. Маълум сабабларга кўра, PhD даражасини олиш учун таҳсилим қарийб 6 йилга чўзилди.
Шу вақт давомида ҳам ўқиб, ҳам ишладим. 2012 йилда эса ўша ерда IT-компания очдик. Компанияга Ўзбекистондан 4-5 кишини чақириб, иш фаолиятини бошлаганмиз.
Бироз вақт ўтиб тушундимки, IT-тадбиркор бўлиш ҳам яхши, лекин асосан бошқарув билан банд бўлиб қолиш одамдаги илмий фаолият сусайишига олиб келади. Шу сабабли академик фаолиятимни тиклашга қарор қилдим ва 2018 йилда Малая университети Ахборот технология факультетининг Сунъий интеллект кафедрасида “post-doc”, яъни докторантурадан кейинги тадқиқотчи сифатида ишлай бошладим. Шу жараёнда бир йил давомида талабаларга дарс ҳам бердим.
Шундан сўнг фаолиятимни сунъий интеллект соҳасида давом эттирдим, Малайзияда шу соҳада бир нечта лойиҳаларда иштирок этдим. Сунъий интеллектга қизиқишим PhD қилаётган вақтимда пайдо бўлганди.

Ўтган йили эса Ўзбекистонга қайтишга қарор қилдим. Ўз тажрибам билан жамиятимиз ривожига ҳисса қўшиш ниятидаман. Яқинда дастурчилар тайёрловчи iSystem ўқув марказини ташкил қилдик. Иншааллоҳ, катта ниятларимиз бор.
«Сунъий интеллект қишлоқ хўжалигида ишчи кучига харажатларни 42-46 фоизга камайтириб беради»
— IT соҳаси каби, сунъий интеллект соҳасида ҳам сиз қаерда туриб ишлаётганингиз у қадар муҳим эмас. Чет элга бориб эмас, шу ернинг ўзида туриб ҳам сунъий интеллектни ўрганиш ва шу соҳада онлайн ишлаш мумкин. Пандемия ўзи кўрсатиб қўйди, ҳозирги кунда дунё – худди бир маҳалладек.
Масалан, оддий иссиқхона. Ҳозирги кунда иссиқхоналарнинг бешинчи авлод технологиялари бор. Улар ёрдамида оддий помидор етиштиришни жуда илғор равишда ташкиллаштириш мумкин. Томчилатиб суғориладиган иссиқхонани маълум қурилмалар билан жиҳозлаб, жараённи автоматлаштириш мумкин. Иссиқхонанинг ҳозирги ҳолати ҳақидаги барча маълумотлар, йиғилган таҳлиллар қўлингиздаги телефонда бўлади.












