Фан-техника | 21:01 / 04.11.2024
3283
2 дақиқада ўқилади

ChatGPT туфайли дунёда энергияга бўлган талаб ошгани маълум қилинди

Қайд этилишича, ChatGPT орқали қидирув Google орқали қидирувдан 10 баробар кўп энергияни талаб қилади.

Фото: AP

Дунёда энергияга бўлган талаб икки баравар ошади, хусусан, ChatGPT туфайли у кутилмаганда ошиб кетди. Бу ҳақда БАА саноат ва илғор технологиялар вазири Аҳмад Ал-Жобир маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, жаҳоннинг энергияга бўлган талаби Глобал жанубдаги мамлакатларнинг ривожланиши, энергия манбаларининг ўзгариши ва хусусан, сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланишнинг экспоненциал ўсиши ҳисобига икки баравар ошади.

«СИ энергия трансформациясини ва кам углеродли ривожланишни тезлаштириш потенциалига эга, аммо сунъий интеллектдан фойдаланиш энергияга бўлган талабни оширмоқда, бу ChatGPT пайдо бўлганидан 18 ой олдин кутилмаган ҳолат эди. ChatGPT орқали қидирув Google орқали қидирувдан 10 баробар кўп энергияни талаб қилади. Сунъий интеллектдан фойдаланиш кенгайгани сари, у кўпроқ data-марказларини талаб қилади», деди у.

Тахминларга кўра, яқин 6 йил ичида data-марказларининг қуввати икки баравар ошади, бунинг учун 2030 йилга бориб камида 150 GWt қувват талаб этилади, 2040 йилга бориб бу ҳажм икки баравар кўпаяди, деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, бундай энергияга бўлган эҳтиёжни қондириш учун битта энергия манбаи етарли эмас – қайта тикланадиган энергия манбалари, атом энергетикаси ва газ ҳам керак бўлади.

Ал-Жобир энергия инфратузилмаси сармояга муҳтожлигини ва у йилига камида 1,5 триллион долларгача ўсиши кераклигини ва бу инвестицияларни тезлаштириш ва ҳимоя қилиш учун сиёсат зарурлигини таъкидлади.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш 7 баробар, суюлтирилган табиий газдан фойдаланиш камида 65 фоизга ошади, нефтдан ёқилғи ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш давом этади.

Мавзуга оид