Исроил: мухолифат Нетаняҳусиз ҳукумат шакллантирди, Нафтали Беннет янги бош вазир бўлиши кутилмоқда
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг бошқарувидаги «Ликуд» партиясига қарши тузилган йирик коалиция таркибига кирган партиялар раҳбарлари янги коалицион ҳукумат шакллантирилгани ҳақида маълум қилишди. Воқеалар ривожи ўн йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатни бошқариб келаётган Биби ҳукуматининг якунига олиб бормоқда.
Исроил президентини «ўзгаришлар ҳукумати» шакллантирилгани тўғрисида собиқ молия вазири, «Йеш Атид» («Келажак бор») партияси етакчиси Яир Лапид хабардор қилган, унинг партияси Исроил парламентида (кнессет) 17 мандатга эга, бу «Ликуд»дан кейинги иккинчи кўрсаткич.
Ҳукуматни «Ямина» партияси етакчиси Нафтали Беннет бошқаради.
Келишувга биноан, Беннет 2023 йил сентябригача бош вазир бўлади, шундан сўнг унинг ўрнини парламентнинг ваколат муддати тугайдиган 2025 йил ноябрига қадар Лапид эгаллайди.
Лапид янги ҳукумат барча исроилликлар манфаати учун хизмат қилишига ваъда берди. «Янги ҳукумат рақибларини ҳурмат қилади ва Исроил жамиятининг барча қисмларини бирлаштириш учун бор имкониятларни ишга солади», дея ёзган у твиттердаги саҳифасида.
Бинямин Нетаняҳуни алмаштириш учун тузилган коалиция таркибидан турли сиёсий қарашларга эга саккиз партия ўрин олган: сўллар, ўнглар, марказчилар, Беннет қиёфасидаги яҳудий миллатчилари ва ғоявий жиҳатдан ҲАМАСга яқин бўлган араблар партияси, шунингдек Авигдор Либерман ва унинг «русча» «Наш дом Израиль» партияси.
Аммо парламентда кичик устунликка эга бўлган мўрт коалиция ҳукумати вазифага киришиши учун аввал президент томонидан тасдиқланиши, кейин кнессетда маъқулланиши керак.
Янги ҳукумат яқин ўн кун ичида фаолият бошлай олмайди. Парламент спикери Ярив Левин янги ҳукуматга овоз беришни режалаштириш зарурлиги тўғрисида 7 июндагина хабардор қилинади. Шундан сўнг, унга овоз беришни режалаштириш учун бир ҳафта муҳлат берилади. Бу эса Нетаняҳуда депутатлар фикрини ўзгартириш ва янги ҳукуматга қарши овоз беришга кўндириш учун 12 кун вақт борлигини англатади. Исроиллик сиёсатчилар ҳозирги бош вазир парламентарийларни ўзига оғдириш учун барча имкониятларини ишга солишига шубҳа қилишмаяпти.
Янги ҳукуматни шакллантириш Яир Лапиднинг вазифаси эди, у сўнгги ойлар мобайнида турли сиёсий кучлар билан музокаралар ўтказиб, уларни ўз томонига оғдиришга уринди.
Коалицияга сўнгги бўлиб кнессетда атиги 7 мандатга эга бўлган «Ямина» партияси қўшилди. Унинг раҳбари Нафтали Беннет ўтган ҳафта охирида Нетаняҳуга қарши коалиция таркибига киришини эълон қилган, шундан кейин амалдаги бош вазир уни ва коалицияни кескин танқид қилиб, уни Исроил хавфсизлиги учун таҳдид деб атаганди.
Коалиция Исроил сиёсатидаги ўнглар, сўллар ва марказчиларни бирлаштиради. Гарчи сиёсий қарашларга кўра умумий жиҳатлар кам бўлса-да, улар Нетаняҳунинг кўп йиллик бошқарувига якун ясаш мақсадида якдил.
Нетаняҳу март ойида Исроил парламентига ўтган сайловларда ҳукуматни биринчи бўлиб шакллантириш ҳуқуқини қўлга киритган, бироқ парламентдаги кўпчилик қўллаб-қувватловини ололмаган. Шундан кейин ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқи Яир Лапидга ўтганди. Собиқ молия вазири бўлган Лапидда коалицион ҳукумат шакллантириш учун 2 июнь охиригача муҳлат берилганди. Сўнгги сайловларда унинг партияси «Йеш Атид» Нетаняҳунинг «Ликуд»ига ютқазиб, иккинчи ўринни эгаллаганди.
Исроилда пропорционал сайлов тизими амал қилади ва бунда бир партия ҳукуматни мустақил шакллантириш учун етарли бўлган мандат қўлга киритиши қийин. Ҳукумат Кнессетдаги кўпчиликка таяниши, аниқроғи, 120 овоздан камида 61таси қўлга киритилиши керак бўлади. Март ойида бўлиб ўтган сўнгги сайловлардан кейин яна барчаси боши берк кўчага кириб қолди, на Нетаняҳу ва на унинг рақиблари парламентдаги кўпчилик ўринни қўлга кирита олмади.
Нетаняҳунинг сайловлардан кейин коалиция тузишга бўлган уринишлари муваффақиятсиз чиқди ва у май ойи бошида, унга ҳукумат шакллантириш учун ажратилган 28 кунлик муддат тугагач, мандатни президентга қайтариб берди. Мухолифат етакчиси, «Йеш атид» партияси раҳбари Яир Лапид эса турли партияларга мансуб бўлган 56 депутатнинг қўллаб-қувватловига эга эди, 5 май куни ўша вақтдаги президент Реувен Ривлин унга 28 кун мобайнида янги коалицион ҳукумат шакллантириш учун мандат берди. Бу муҳлат 2 июнь куни кечқурун тугади.
Лапид бир неча сиёсий кучлар билан келишишга муваффақ бўлди - сўлчилар «Мерец» ва «Исроил меҳнат партияси», «Наш дом - Израиль» («Исроил - бизнинг уйимиз») партияси ва Бенни Ганцнинг «Кахоль-Лаван» («Оқ-кўк») партиялар блоки.
2019 йил апрель ойида бўлиб ўтган сайловлар натижаларига кўра, партияларнинг ҳеч бири ҳукуматни шакллантириш учун зарур кўпчилик ўринни қўлга киритмаган ва коалиция ҳам тузилмаганди. Ўша йилнинг сентябрь ойида такрорий сайловлар муваффақиятсиз тугагач, кейинги сайлов 2020 йил март ойида бўлиб ўтди.
2020 йил мартида Ганц Нетаняҳу билан коалицион ҳукумат тузган, лекин у билан фақат декабрь ойигача ишлай олганди - парламент аъзолари мамлакатнинг 2021 йилги бюджетини тасдиқлай олмагач, парламент яна тарқатиб юборилган ва 2021 йил мартига янги сайловлар тайинланганди).
2 июнь куни Исроил парламенти сиёсий курашни бир четга суриб туриб, янги президентни сайлади. Бу лавозимни мамлакатнинг олтинчи президенти (1983-1993 йиллар) бўлган Хаим Херцогнинг ўғли Ицхак Херцог эгаллади.
У Кнессетда яширин овоз бериш йўли орқали сайланган. Герцогнинг номзодини 87 нафар депутат қўллаб-қувватлаган. У берилган овозлар натижасига кўра, Исроилнинг биринчи аёл президенти бўлиши мумкин бўлган Мирьям Перецни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
Херцог Ариэл Шарон бош вазирлиги даврида вазирлар маҳкамаси котиби бўлиб ишлаган, 2005-2011 йилларда турли ҳукуматлар даврида вазир лавозимларида бўлган, 2013-2018 йилларда Меҳнат партиясига раҳбарлик қилган, сўнгги вақтларда яҳудийларни ватанига қайтариш ва уларнинг Исроилга жойлашишига кўмаклашиш билан шуғулланади «Сохнут» агентлигини бошқарган.
Хабарларга кўра, Кнессетдаги овоз бериш жараёнида Яир Лапид ва Нафтали Беннет дўстона гаплашиб ўтирган.
Мавзуга оид
09:17
Исроил Байрутга зарба берди. Камида 20 киши ҳалок бўлган
15:13 / 23.11.2024
ГФР Нетаняҳуни ҳибсга олишга берилган ордер оқибатларини ўрганмоқда
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024