Қозоғистонликлар муайян вақт давомида Ўзбекистонни аграр соҳада намунали давлат сиёсатини юргизиб, соҳани янги босқичга олиб чиқа олган мамлакат деб ҳисоблаб келишди.

Аммо қозоғистонлик иқтисодчи Арсен Керимбеков бу фикрга қўшилмайди ва қўшни мамлакатнинг аграр соҳадаги давлат сиёсати Қозоғистонникига қараганда анча ноқулай деб ҳисоблайди.

У Ўзбекистондаги агросаноат комплекси ривожини тадбиркорларнинг ташаббускорлиги ва мослашувчанлиги билан боғлайди; қозоғистонлик фермерлар ва агросаноат вакилларига айни шу хислатлар етишмайди деб билади.

Арсен Керимбеков – Қозоғистон органик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар иттифоқи директори. У Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги мавзусида Forbes.kz'га интервью берди.

Европага сабзи сотиш

– Аслида қозоқлар ва ўзбеклар икки давлатда яшовчи ягона миллатдир, дейди ишонч билан Арсен Керимбеков. – Айнан шу туфайли Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳар бир воқеа мени доим қизиқтирган.

Мутахассис 2010 йилдан бошлаб, қўшни давлатдаги ўзгаришларни шунчаки қизиқиш эмас, хизмат тақозоси туфайли ҳам ўргана бошлаган. Аввалига «Қазагромаркетинг» АЖ раиси ўринбосари сифатида, 2016 йилдан бошлаб эса, «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси маркази директори сифатида. Айни дамда у – Қозоғистоннинг органик маҳсулот ишлаб чиқарувчилар иттифоқи директори.

Арсен Керимбеков Ўзбекистонда агросаноат қандай одимлаётгани ва экологик тоза маҳсулотлар билан халқаро бозорга чиқиб бораётганини қизиқиш билан кузатяпти. Унинг фикрича, Ўзбекистон бу масалада муайян муваффақиятларга эришяпти ва буни бозор талабларига тез мослашиш билан изоҳлаш мумкин.

– Бир мисол келтирай: ўзбеклар Global G.A.P. сертификатини олишди – бу органикага ўтиш учун зарур стандарт (Global G.A.P. – Европа савдо тармоқлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти талаблари асосида бериладиган сертификат – таҳр.). Биз сабзавот ва меваларимизни Европа супермаркетларига етказиб бермаганимиз боис Қозоғистонда бу унча оммалашмаган. Ўзбеклар эса у ерда ҳам сотишни исташди ва сертификациядан ўтишди.