18:39 / 04.06.2021
7994

Ўзбекистондаги банк активларининг 84 фоизи давлат улуши бор банкларга тегишли экани маълум қилинди

2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, республикадаги тижорат банклари активлари 366,1 трлн сўмга етди ва 2017 йилга нисбатан 120 фоизга ўсди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Kun.uz’га маълум қилишича, айни пайтда Ўзбекистондаги барча банк активларининг 84 фоизи давлат улуши мавжуд банкларга тегишли. Шундан 64 фоизи 5та йирик банк ҳиссасига тўғри келади. 

Манбага кўра, жисмоний шахслар депозитлари банк тизимидаги жами депозитларнинг атиги 24 фоизини ташкил этади. Бу ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 5 фоизига тенг.

«2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, тижорат банклари активлари 366,1 трлн сўмга етди ва 2017 йилга нисбатан 120 фоизга ўсди. Ушбу даврда ўртача йиллик реал ўсиш (девалвацияни ҳисобга олмаган ҳолда) 24,1 фоизни ташкил этди», дея хабар берди манба.

Жорий йил 1 январ ҳолатига банк тизимидаги депозитларнинг умумий ҳажми 114,7 трлн сўмни ташкил этди ва шундан 27,4 трлн сўм (24 фоиз) жисмоний шахслар, 87,3 трлн сўм (76 фоиз) юридик шахслар депозитларидир.

Жисмоний шахслар депозитлари улуши банк тизимидаги жами депозитлар ҳажмининг атиги 24 фоизини ташкил этади.

Қайд этилишича, миллий валютадаги аҳоли омонатларининг ўсиш суръати 2018 йилда 38,2 фоизни, 2019 йилда 45,2 фоизни, 2020 йилда 31,7 фоизни ташкил этди. Хорижий валютадаги депозитлар ҳажми 2018 йилда 2 фоизга, 2019 йилда 40,1 фоизга, 2020 йилда 27,7 фоизга ўсди.

Top