Марказий Осиё сув хавфсизлиги энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит билан узвий боғлиқ бўлган дунёдаги кам сонли минтақалардан биридир. Бу ерда сув ресурслари стратегик аҳамият касб этади.
Тарихий жиҳатдан, қуруқ ва қаттиқ иқлими туфайли ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ҳар қандай цивилизация сақланиб қолиши ва тараққий этишининг асосий элементи сув ресурсларидан фойдаланиш ҳисобланади. Минтақадаги дастлабки йирик шаҳарлар: Самарқанд ва Бухоро Зарафшон дарёси бўйида, Урганч ва Хива Амударё бўйида барпо этилгани ҳам бежиз эмас. Ушбу ҳудудлардаги давлатлар сув туфайли минтақада устун мавқега эга эди, тарихан ҳам сув минтақада гегемонликни таъминлашда энг муҳим восита эди.
Сув манбаларидан нотўғри фойдаланиш натижасида минтақада турли жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда ва аянчли ҳолатга тушган Орол денгизи бунга ёрқин мисол.
Илгари дунёдаги тўртинчи йирик кўл бўлган Орол денгизи Марказий Осиё чўллари орасида жойлашган. Сўнгги 10 минг йиллик давомида Орол табиий ва антропоген омиллар туфайли бир неча бор тўлдирилган ва қуритилган. 1960-йиллар бошларида бутун минтақада қишлоқ хўжалигини механизациялаш ишлари олиб борилади, бу эса интенсив суғориш тизимларига олиб келди. Суғорма деҳқончилик сувга жуда талабчан пахтанинг эҳтиёжларини қоплаш учун устувор аҳамият касб этади. Натижада суғоришнинг барқарор бўлмаган кенгайиши Орол денгизига қуйиладиган икки дарё сувини қуритиб юборди ва шу билан денгизга сув оқими узилди.
Ўтган аср давомида бир қанча омиллар Орол денгизида сув сатҳи камайишига таъсир ўтказган. Хусусан:
- 1913 йилда Орол денгизига борадиган сув билан суғориладиган ерлар майдони 3,2 млн гектар бўлган бўлса, 1985 йилга келиб бу кўрсаткич 6,9 млн гектарга етган;
- турли эҳтиёжлар учун Орол денгизидан сарфланадиган сув 1960-йилларда 63 км куб, 1980 йилда эса 95 км кубни ташкил этган;
- ХХ аср давомида Оролбўйи ҳудудларида, Марказий Осиё ва қисман Афғонистон аҳолиси сони 14 млн.дан 65 млн.гача ортган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ернинг шўрини ювишга ҳам катта миқдорда сув сарфланган.
Айни пайтдаги вазият
Дунёдаги тўртинчи йирик кўлнинг қуриши натижасида 5 миллион гектар майдонда янги чўл – Оролқум пайдо бўлди. Денгизнинг қуриган қатламидан келиб чиққан чанг ва тузли бўронлар суғориладиган ерларга ҳам, аҳоли соғлиғига ҳам таъсир қилмоқда.







