Жамият | 17:20 / 08.06.2021
6653
2 дақиқада ўқилади

Тиккан нарсаларим менга завқ бағишлайди — наманганлик тикувчи ногирон қиз

Нигора Эргашева Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида яшайди, у болаликдан иккинчи гуруҳ ногирони. Нигора тикувчилик ва зардўзлик билан шуғулланади, у бу ҳунарни холаваччасидан ўрганган. 

“Биринчи чойнак ёпқичга зар қадаганман, оддий гулдан бошлаганман. Кейин секин-секин қизиқишим ортиб борган. Зар тикаман, мунчоқ қадайман. Мен учун қизиқарли, завқли иш. Битта нарсам битса, хурсанд  бўлиб кетаман. Ўзимга чиройли кўйлаклар тикиб оламан”, – дейди Нигора.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, зар тикиш сабр ва синчковлик талаб қилади. У бир маҳсулот тайёр бўлиши учун 5-6 кун вақт сарфлайди. Нигора тиккан нарсаларини совға қилишни яхши кўради. Буюртма асосида ҳам тайёрлаб беради.

“Чойнак ёпқич, овқат ёпқич, елпиғич тикаман. Нақш қийин бўлса, кўпроқ вақт кетади, осон бўлса, тез битади. Нақшга боғлиқ. Лекин мен тез тикаман. Нақшларини ўзим ўйлаб топаман. Зар тикиш кўп вақт талаб қилади, лекин шошилмасдан тикиш керак. Шошиб тикилса, сифатсиз бўлиб қолади, ораси очиқ бўлиб қолади”, – дейди у.

Нигора маҳалладошларига ҳам зардўзлик сирларини ўргатмоқда. У кўплаб шогирдлар чиқарган.

Мавзуга оид